Вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди
2026-06-23 12:30:00 / Янгиликлар

Видеоконференцияалоқа тарзида ташкил этилган йиғилишда бу борада амалга оширилган ишлар таҳлилий-танқидий руҳда муҳокама қилиниб, соҳада йўл қўйилган камчиликлар ва мавжуд муаммолар атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича масъул раҳбарлар ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда жиноятчиликни олдини олиш, жиловлаш ва унга қарши курашиш масаласи нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки ҳокимият ва кенг жамоатчиликнинг асосий устувор вазифаларидан бирига айланган. Ҳудудда содир бўлаётган ҳар қандай кўринишдаги жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар текширув ёки тергов жараёнида ўрганилмоқда. Белгиланган тартибда муҳокама этилиб, тегишли чора қўлланмоқда. Лекин давлат сиёсати даражасида яратилаётган шароит ва имкониятлар қарамасдан, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишлар самарали, деб бўлмайди.
Жорий йилнинг 27 январида муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий йўналишлари сифатида уюшган жиноятчилик, наркожиноят, кибержиноят ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий низоларни бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Қабул қилинган қарорлар асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришнинг янги механизмлари жорий этилди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида вилоятда тизимли ишлар амалга оширилаётган бўлсада, айрим соҳа ва ҳудудларда қарор ва Дастурлар ижросига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги, берилаётган топшириқлар ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги натижасида криминоген вазият ёмонлашмоқда.
Маҳаллаларда жиноятдан ҳоли муҳитни яратиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги профилактик тадбирлар барча ҳудудларда ҳам тизимли ташкил этилмаган.
Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” устувор тамойили ҳамда рақамлаштириш бўйича белгиланган давлат сиёсати ва стратегик ислоҳотлар ижроси доирасида Мирзо Улуғбек туманида мутлақо янги форматдаги — “Ақлли туман” вазиятлар маркази барпо этилди.
Бу жиноятчилик билан боғлиқ тизим эмас, кўпчилик раҳбарлар буни Ички ишлар органларининг ситуацион маркази деб тушунишмоқда. Мазкур тизим туман ҳокимлиги, вазирлик ва идоралар, коммунал хизматлар, хавфсизлик, ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, қурилиш, экология ҳамда аҳоли мурожаатлари бўйича маълумотларни ягона рақамли майдонда жамлашга қаратилган. Натижада ҳудуддаги реал вазиятни туман, маҳалла, объект ва хизматлар кесимида кўриш, таҳлил қилиш ва масъул ташкилотлар кесимида ижрони назорат қилиш имконияти яратилди.
“Ақлли туман” вазиятлар маркази — бу оддий дашборд эмас, балки маълумотларни қабул қилиш, текшириш, визуаллаштириш, сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, муаммоли ҳолатларни аниқлаш ва улар бўйича тезкор бошқарув қарорларини шакллантиришга хизмат қилувчи интеграциялашган ахборот-таҳлил платформасидир.
Ҳар бир шаҳар-тумандаги криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда бюджет маблағларини иқтисод қилиш мақсадида кам ҳажмли “Ситуацион таҳлил маркази”ни ташкил этиш тавсия қилиш бўйича Ички ишлар вазирлигининг таклифлари ишлаб чиқилган.
Ҳудудларни рақамли бошқаришга ўтишни кечиктириш бошқарув самарадорлигининг пасайишига, ресурсларнинг мақсадсиз сарфланишига ва аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги сусткашликка олиб келиши мумкин.
Муҳокамалар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда қарорлар ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









