Қурилиш соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
2026-06-23 11:20:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят раҳбари томонидан соҳада ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар санаб ўтилиб, истиқболдаги вазифалар, янги имкониятларни ишга солиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу борада масъулларнинг келгусидаги режалари тингланди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-февралдаги “2026-йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-49-сонли қарори ҳамда 2025-йил 8-октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-298-сонли қарорига асосан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилган Шофиркон ва Ғиждувон туманларида аҳоли яшаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай муҳит яратиш дастури доирасида жорий йилда вилоятга мазкур устувор йўналишларни амалга ошириш учун жами 593 млрд сўм маблағ йўналтирилди.
Бугунги кунда ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳудудларда қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Жумладан, 357 км автомобиль йўлларини таъмирлаш ва асфальтлаштириш, 20,8 км электр ва газ тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, ирригация тармоқларини ривожлантириш ва сув таъминотини яхшилаш, 53 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда.
Натижада ушбу ҳудудларда 1 161 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиши, 809 та тадбиркорлик субъекти фаолияти кенгайтирилиши, шунингдек, 27 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланиб, даромад манбалари кенгайишига эришилади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 27-декабрдаги ПҚ–393-сон қарорига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда умумий қиймати 880 млрд сўм бўлган 85 та ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари бўйича қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида 23 та мактаб, 5 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 6 та ичимлик ва оқова сув таъминоти, 3 та иссиқлик таъминоти, 6 та автомобиль йўли, 12 та ирригация ва мелиорация, 4 та электр таъминоти ҳамда 21 та бошқа ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ботир Зарипов қурилаётган ҳар бир иншоот бўйича кунлик назорат ўрнатилиши бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









