Олот: Боймуродовлар хонадони томорқасида ҳам пишиқчилик авжида
2026-06-20 14:30:00 / Янгиликлар

Хонадон эгалари Аҳмад Жумаев ҳамда унинг умр йўлдоши Ражабой Боймуродовалар 4 нафар фарзанд – икки ўғил ва икки қизни ҳалол меҳнат билан вояга етказиб, эл қаторига қўшишган. Бугунга келиб улар 11 нафар севимли набиранинг бобо-бувисига айланишган, албатта, оиланинг файзу баракаси, фаровонлиги улар билан.
Боймуродовлар оиласи ўз тасарруфидаги 25 сотих томорқа еридан самарали фойдаланиб, бунда деҳқончилик ортидан баракали ҳосил етиштириб келишади. Эрта баҳордан ер тайёрлаб, унда картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири, сабзи, ловия, ошқовоқ кабилар етиштирилади.
Хусусан, бир сотих ерда барпо қилинган иссиқхона учун маҳалла кўмагида банкдан имтиёзли тартибда 8 миллион сўм кредит маблағи олинган бўлса, бу сармоя алақачон етиштирилган ҳосил ҳисобидан қопланган. Айни пайтда иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари, айниқса, биргина помидордан йил давомида икки марта ҳосил олиниб, бундан ўртача 12 миллион сўм даромадга эришилмоқда.
Айни шу кунларда меҳнаткаш хонадон ерида етиштирилган картошкадан 1 тоннадан ортиқ маҳсулот саранжомланган ва рўзғор учун заҳира қилинган. Такрорий экин ўрнида бақлажон, булғор қалампири ва ловия етиштирилмоқда.
Боймуродовлар оиласи деҳқончилик билан бир қаторда чорвачилик, паррандачилик ва қуёнчилик йўналишларида ҳам фаолият юритмоқда. Хонадонда сут, қатиқ, сариёғ, тухум каби кундалик истеъмол маҳсулотлари ҳалол пешона тери эвазига етиштирилаётгани катта ютуқ, албатта. Негаки, деҳқончиликдан келаётган ҳосил нафақат оила харажатларини камайтиради, балки табиий тоза ва сифатли маҳсулот истеъмоли учун имконият дегани.
Қолаверса, томорқада етиштирилган сархил сабзавотнинг оила эҳтиёжидан ортгани маҳалла аҳли ва қўни-қўшниларга сотилиб, қўшимча даромадга эришилмоқда. Бу ҳам хонадон иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамламоқда. Бундай меҳнаткаш оилалар сафи туманда кенгайиб бораётгани аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, рўзғор кам-кўстини бартараф этишда жуда қўл келмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







