Когонлик ғаллакорлар зафар маррасига етиб келишди
2026-06-19 10:45:00 / Янгиликлар

Жорий йил деҳқончилик мавсумида ғаллачиликка ихтисослашган 230 та фермер хўжалиги томонидан 4 минг 511 гектар майдонда буғдойнинг серҳосил "Громм", “Алексеевич”, “Васса”, "Қадр", "Гурд" каби серҳосил навларига мансуб барака уруғи экиб, мўл ҳосил етиштирилди.
Айни ёз мавсумида ҳосилни тез ва сифатли ўриб-йиғиб олиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан ташкиллаштирилди. Шу мақсадда туманда 21 та ўрим отряди ташкил этилиб, ҳар бир отрядга юқори унумли комбайн бириктирилди. Уларнинг иш унумдорлигини ошириш мақсадида даланинг ўзида сервис хизмати, ёқилғи-мойлаш материаллари таъминоти узлуксиз ташкил этилди. Бунинг натижасида отрядлар томонидан бир кунда ўртача 1000 тонна ғалла ўриб-йиғиб олиниб, қабул масканлари омборларида саранжомланди.
Айтиш жоизки, қишлоқ хўжалигида ғалла етиштириш илғор тажрибаларидан унумли фойдаланиш, соҳада моддий-техник базани мустаҳкамлаш, экин ери мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шу қаторда ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаргани жорий йилда ҳам мўл ҳосил етиштиришга замин ҳозирлади. Ўрим бошланган кундан шу кунга қадар ҳар гектар майдондан олинган ҳосилдорлик салмоғи 75-80 центнерга етказилаётгани, омборга киритилган сара ҳосил салмоғи қарийб 15 минг тоннани ташкил этаётгани дала меҳнаткашларининг катта ютуғидир. Бу ҳосилнинг 160 тоннага яқини уруғлик буғдой ҳисобланади.
Меҳнат муваффақиятида пешқадам деҳқон фермерларнинг ҳиссаси катта, албатта. Жумладан, ҳудуддаги “Фидойи-98“, “Ризқ-рўз“, “Усмонобод”, “Елёр”, “Тўхтабобо-98”, “Ёрқулов Улуғбек”, “Ойнасоз-98”, "Нарзиева Хадича", "Класс Бухоро" каби тажрибали фермер хўжаликларининг хирмонга қўшаётган улуши салмоқли. Баракали етиштирилган ҳосил ҳисобидан мазкур хўжаликларда меҳнат жамоалари ихтиёрида қолаётган ҳосил салмоғи ҳам чакана эмас.
Ўрим-йиғим мавсумида намунали иш ташкил этиб, жонбозлик кўрсатаётган отярд раҳбарлари меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Бу борада ўз ғайрат-шижоатини намоён қилаётган Азамат Файзуллаев, Зокир Мухторов, Фаёз Бозоров, Шерали Калонов, Сабриддин Давронов, Бобомурод Жумаев сингари комбайн операторлари ўз тажрибаси ва иш услуби билан бошқаларга ўрнак бўлмоқдалар.
Бугун мўлжалдаги сара ғалла хирмони бунёд қилинганига қарамасдан, далада ҳали ҳосил мўл, ўрим-йиғим жадал суръатда давом эттирилмоқда. Ҳисоб-китобга биноан, жорий ўрим-йиғим мавсумида туман ялпи ғалла хирмонини 40 минг тоннадан ошириш кўзда тутилмоқда.
Дарҳақиқат, миришкор деҳқонларимизнинг йил давомида вақт билан ҳисоблашмасдан қилган астойдил меҳнати бугун мўл ҳосил, баракали хирмон кўринишида ўз самарасини бермоқда. Бу дастурхон тўкинлиги, ризқ-рўзимиз бутунлиги, турмуш фаровонлиги ифодаси, албатта.
Меҳнат зафарингиз муборак бўлсин, азиз когонлик ғаллакорлар!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








