Қоракўл академик лицейида “Битирув куни” тантана қилинди
2026-06-16 10:45:00 / Янгиликлар
Аниқ фанларга ихтисослашган Қоракўл академик лицейи хусусида гап кетганда, шубҳасиз, илм-фанда халқаро олимпиадаларда юртимиз довруғини кенг ёяётган ёш иқтидор эгалари, юқори билими ва салоҳияти билан юртимиз халқ хўжалигининг турли тармоқларида меҳнат фаолиятини дадил олиб бораётган ёш мутахассислар, математика ва бошқа аниқ фанларни чуқур ўқитиш ва тадқиқ этишга ихтисослашган нуфузли халқаро олий таълим даргоҳлари ёш ва етук кадрлари кўз олдимизда гавдаланади.

Катта карвон йўлининг йўлбошчиси ва сарбони сифатида ўнлаб, юзлаб ёш иқтидор эгаларини кашф этиб, айни кунда мамлакатимиз халқ хўжалиги равнақига беқиёс ҳисса қўшган забардаст устоз, умрини баркамол авлод таълим-тарбиясига бағишлаган, элда топган иззат-ҳурмати билан Бухоро фахру ифтихорига айланган Тўхтамурод Жумаев номи алоҳида эҳтиромга лойиқ.
Қоракўл тумани маданият марказида Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл академик лицейининг бу йилги “қалдирғочлари” учун “Битирув куни” тантанаси ташкил қилинди. Тадбир аввалида якунига етган ўқув йилида намунали хулқи ва аъло ўқишлари билан эътиборга тушган ёш истеъдодли ўқувчилар ва фаолиятда ўрнак бўлаётган илғор, изланувчан педагоглар муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирда Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов, Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров, академик лицей директори Ғолибжон Жумақуловлар сўзга чиқишиб, самимий дил сўзлари ва табрикларини изҳор қилдилар. Мустақил ҳаётда ёшларга оқ йўл тилаб, бу иқтидор эгаларининг келгусида халқ хўжалигининг турли жабҳаларида истиқболи порлоқ, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган ёш мутахассислар сифатида етишиб чиқишларига қатъий ишонч билдирдилар.
Асосан математика фанига ихтисослашган мактаб—академик лицейнинг 35 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар, жумладан, 5 минг нафардан ортиқ битирувчини вояга етказиб, халқ хўжалигига ёш мутахассис сифатида қўшган, республика фан олимпиадаларида 67 та имтиёзли диплом ҳамда халқаро олимпиадаларда 60 та нуфузли медални қўлга киритган таълим даргоҳи мавқеини барқарор сақлаш зарурлиги алоҳида эътироф этилди.
Жорий йилги битирувчилардан 50 нафари муддатидан олдин 189 ва ундан юқори балл билан талабаликка тавсия этилгани, 22 нафар ўқувчи олтин медал, 53 нафари кумуш медал билан тақдирлангани, шунингдек, 165 нафар битирувчи имтиёзли диплом, 57 нафари эса оддий диплом соҳибига айлангани катта ютуқ, албатта.
Шунингдек, ўқувчилар томонидан 1079 та халқаро ва миллий сертификат қўлга киритилгани, китобхонлик танловларида 10 нафар ғолиб етишиб чиққани, 5 нафар ўқувчи “Ректор стипендияси”, 20 нафар ўқувчи эса “Лицейимиз ифтихори” стипендияси совриндори бўлгани қайд этилди.
Бундан ташқари, АIМО халқаро олимпиадасида 1 та олтин медал қўлга киритилгани ҳам алоҳида фахр билан тилга олинди.
Тадбир якунида устозлар, ота-оналар ва битирувчилар эсдалик суратларига тушишди. Байрам кўтаринки руҳда давом этиб, мусиқий дастур ва кўнгилочар чиқишлар барчага унутилмас таассурот бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








