Когон тумани: “Тараққиёт” маҳалласида обод ва ораста томорқалар кўпаймоқда
2026-06-15 19:40:00 / Янгиликлар
Томорқа ерлари, деҳқон ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва оилалар турмуш сифатини яхшилашда Когон туманида ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда “Тараққиёт" маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 53 нафарини ногиронлиги бўлган фуқаролар, 60 тадан ортиғини ижтимоий муҳофазага олинган камхарж оилалар ташкил этади.
Мазкур саъй-ҳаракат натижасида мавжуд 120 гектарга яқин томорқа ерларидан оқилона фойдаланиб, мўл ҳосил етиштираётган хонадон сафи тобора кенгаймоқда. Ана шундай ташаббускор ва меҳнаткаш фуқаролардан бири шу маҳаллада яшовчи Ҳикмат Ҳафизовдир.
У ўз томорқасида ҳар йилги деҳқончилик мавсумида сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб, аввало рўзғор эҳтиёжини қондириши баробарида 2 сотих ерда иссиқхона барпо этиб, айни кунда помидор етиштирмоқда. Иссиқхонада агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, экинни рисоладагидек парваришлаш натижасида юқори ҳосилдорликка эришилиб, ҳозирда пишиб етилган ҳосилни йиғиб-териб, аҳоли дастурхонига тортиқ қилиш жараёни бормоқда.
— Томорқада ишлаб, пешона терини тўкишнинг ўзига яраша машаққати бор. Бироқ ҳосил пишиб етилганида кўрган қийинчилик ва заҳматинг унутилади. Иссиқхона ерида етиштирилган бу ҳосилдан ҳадемай 15 миллион сўмдан ортиқ даромад олишга яқинмиз,— дейди миришкор хонадон соҳиби Ҳикмат Ҳафизов.
Умуман, ҳар йили эрта баҳор мавсумидан Когон туманида ўз томорқасига эга бўлган жами 20 минг 928 та хонадоннинг 2 минг 122 гектарга етган экин ерида 239 гектарда картошка, умумий ҳисобда 1 минг 168 гектарда помидор, бодринг, карам, пиёз, сабзи, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулоти, 53 гектарда қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқа полиз маҳсулоти, 84 гектарда ловия, мош каби дуккакли ўсимликлар, 4 гектарда соя, кунгабоқар каби мойли экинлар етиштириб келинади.
Айтиш жоизки, ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқларнинг барчасида, жумладан, ҳудудлар мисолида олсак, “Ниёзҳожи” МФЙ да 156, "Баҳоуддин Нақшбанд" МФЙ да 152, “Туткунда” МФЙ да 155, “Ўба Чўли” МФЙ да 144, “Сорғун” МФЙ да 115, “Хўжа Якшаба” МФЙда 138, “Тунироқ” МФЙда 118, “Ҳукуматобод” ҳамда “Сиёзпоён” МФЙ ларида 102 гектардан экин ерлари сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар етиштириш учун ажратилган бўлиб, улардаги иссиқхоналар ва очиқ экин ерларида деҳқончилик ишлари мунтазам бораётганини кўриш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




