Қоровулбозор: полиз еридан бир мавсумда 300 миллион сўм даромад
2026-06-15 10:05:00 / Янгиликлар

Туман марказидан 25 километр узоқлиқдаги “Жарқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида 30 тадан ортиқ деҳқон хўжалиги томонидан эрта баҳорда плёнка остида қовун ва тарвуз кўчатлари ўтқазилиб, парваришга киришилганди. Аксарият хўжалик қовуннинг маҳаллий иқлимга мос серҳосил “дакара” навига мансуб қовун етиштирган. Негаки, бу навли қовун ўзининг тезпишарлиги, таъми-мазаси ҳамда ҳосилдорлиги билан ажралиб туради.
Ишнинг кўзини билган жарқоқлик деҳқонлар ҳар йили эрта баҳорда қовун, тарвуз кўчатларини плёнка остида етиштириб, деҳқон хўжаликларига етказиб беришган. Масалан, шу маҳалланинг Шодлик кўчасида яшовчи Маъруф Ахтамов ҳовлисидаги атиги 2 сотихли иссиқхонасида 40 минг донага яқин қовуннинг “дакара” нави ҳамда тарвуз кўчатларини етиштириб чиқарган. Бугунга келиб у билан яқин ҳамкорликдаги хўжаликларда сара ҳосил хирмони саранжомланмоқда.
— Бизда 6 гектарга яқин дала томорқамиз мавжуд бўлиб, иссихонамизда тайёрланган кўчатларни баҳор ойларида шу еримизга кўчириб ўтқазиб, парваришлаймиз, — дейди намунали томорқачи Маъруф Ахтамов. — Қовун ва тарвузларни уруғдан кўра кўчат қилиб экиш ҳосилнинг одатдагига нисбатан 1-1,5 ой эрта пишиб етилишига хизмат қилмоқда. Бу эса оилаларимиз хонадонига қўшимча даромаддир.
"Жарқоқ" маҳалласида яшовчи Дилновоз Фармонова хонадони ҳам полиз маҳсулотлари етиштиришда пухта тажрибани ўзлаштирмоқда. Бир вақтлар иш излаб юрган, "Аёллар дафтари"да рўйхатда турган оила бекаси бугун меҳнаткаш деҳқон ва иш берувчига айланган. Маҳалла кўмаги билан Дилнавоз Фармоновага 7 гектар ижара ер майдони ажратишда амалий ёрдам кўрсатилгани даромад учун катта имконият яратган. Турмуш ўртоғи Мустақим Исмоилов билан елкадош бўлиб, ерга меҳр қўйган оила қовун-тарвуз етиштириш билан шуғулланишни бошлаган.
Эрта баҳордан ерга уруғ қадалиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилган. Тинимсиз меҳнат, изланиш самараси ўлароқ, бугун полиз ерида тилни ёрар ширин ва хуштаъм қовун пишиб етилган. Қоровулбозорнинг қуёшли далаларида етиштирилган ҳосил бугун халқимиз дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Оила меҳнаткашлари жорий мавсумда полиздан 300 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш кўзлаб туришибди.
— Меҳнатимиз ортидан келаётган даромад эвазига фарзандларимизга уй-жой қуришни мақсад қилганмиз. Энг муҳими, ўғил-қизларимизни ҳалол ризқ билан ўқитиб, касб-корлик қилаяпмиз. Илгари иш қидириб юрган бўлсам, бугун маҳалламиздаги 30 нафардан ортиқ хотин-қизни мавсумий иш билан таъминлашга баҳолиқудрат ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз,—дейди Дилнавоз Фармонова.
Эътиборлиси, бугун биргина оиланинг полизида етиштирилаётган қовун-тарвуз нафақат бир хонадон даромад манбаи, балки маҳалладаги ўнлаб ишчи, хотин-қиз бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









