Шофиркон: “Оила ва хотин-қизлар маскани” фаолияти йўлга қўйилди
2026-06-13 18:50:00 / Янгиликлар

Мазкур масканда тикувчилик, пазандачилик, аёллар сартарошлиги йўналишлари бўйича амалий ўқув курслари ҳамда профессионал психологик хизматлар йўлга қўйилган. Бу ерда хотин-қизлар замонавий касб-ҳунарларни ўрганиш билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур билим ва кўникмаларга ҳам эга бўлишмоқда.
“Оила ва хотин-қизлар маскани”да яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова туманда бўлишди. Уларга маскан фаолияти, хотин-қизлар учун яратилган имкониятлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Туманда 2026 йилда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига киритилган 6 минг нафар хотин-қиз билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўргатиш, ҳуқуқий ва психологик маданиятини юксалтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда муайян қийинчиликларга дуч келаётган хотин-қизлар учун бепул ўқув машғулотлари, семинар-тренинглар ташкил этилиб, уларга амалий кўмак бериш мақсад қилинган.
Маскан фаолияти доирасида “Аёл учун” ижтимоий лойиҳасига ҳам старт берилди. Мазкур лойиҳа ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, тазйиқ ва зўравонликдан, одам савдосидан жабрланган ҳамда мигрaция жараёнида бўлган хотин-қизлар билан манзилли ишлашга қаратилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва психологик салоҳиятини ривожлантириш, уларни жамият ҳаётига фаол интегрatsiя қилиш ҳамда ўз куч ва имкониятларига бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, касбий малака бериш, психологик қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳа мазмун-моҳиятига мувофиқ, “Ҳар бир аёл жамиятнинг таянчи. Уни қўллаб-қувватлаш орқали бутун миллат кучли бўлади” тамойилига асосланади. Лойиҳанинг шиори эса: “Қувват – менинг қўлимда ! Мен бахтли аёлман!”
Мутасаддилар томонидан масканда ташкил этилган ўқув курслари, амалий машғулотлар ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар ижобий баҳоланиб, бу каби ташаббусларни янада кенгайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









