Ромитан: Музаффар Исломов ўз бизнеси ва иш ўринларини яратмоқда
2026-06-13 12:30:00 / Янгиликлар

— Бу биз учун мавсумий иш, яъни асосан боғ-токзорларимизда узум етилиб пишган пайтда ширага тўлган хом ашёни аҳоли томорқалари, фермер ва деҳқон хўжаликларидан сотиб олиб, ярим тайёр шарбат тайёрлаб, қайта ишлаш корхоналарига етказиб берамиз,—дейди корхона раҳбари Фаррух Латипов.—Бир мавсумда 1 минг тоннагача узумни қабул қилсак. Уни ярим тайёр ҳолда қайта ишлаб, фильтрдан ўтказишда 6 нафар ишчини ёллаганмиз. Асосан сентябрь, октябрь ойларидаги фаолиятимиздан сўнг 700 тонна атрофидаги узум шарбатини буюртмачи заводларга етказиб берамиз.
“Bog‘isaydon uzum meva sabzavot” МЧЖ фаолиятига 15 йилдан ошибди. Мавсумий фаолият бўлгани учун ҳам эндиликда корхона эгалари Боғисайдон маҳалласида қўшимча тармоқни ишга туширишган. Бунинг учун “Халқ банки” туман филиалидан 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит сармояси олиниб, субъект негизида аҳоли истеъмоли учун тоза сувни бир неча ўлчамли елим идишларга қадоқлаб сотиш лойиҳаси йўлга қўйилди. Бу тармоққа таъсисчи сифатида тадбиркор Фаррух Латипов жияни Музаффар Исломовни бошчи этиб тайинлаган.
Ҳозирга келиб бу кичик корхонада 12 нафар фуқаро иш билан таъминлангани, ишчилар меҳнатига яраша ҳақ олишаётгани лойиҳа аҳамиятидан далолатдир. Аксарияти ғайратли ёшлардан иборат меҳнат жамоаси кундузги ва кечки сменада фаолият юритиб, маҳсулот ҳажмини кўпайтириш, буюртмаларни сифатли бажаришга ҳисса қўшмоқда. Бунда 0,5, 1, 1,5, 5 литрли ҳажмдаги, бир сменада 10 тоннагача миқдорда қадоқланган, газланмаган тоза сув бозор ва савдо расталари орқали аҳолига етказилмоқда.
Бу ҳам ёш тадбиркорнинг нафақат ўз бизнесини ривожлантириш, балки туман аҳолиси учун янги иш ўринларини яратишдаги ижтимоий масъулиятини намоён этади. Талаб ва таклиф ортаётган айни шароитда бу фаолият цех ишчи жамоасига иқтисодий фойда, бир нечта оила турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









