"Buxoro ipak gilam markazi" ва “Romstar” корхонаси фаолияти—Бош вазир ўринбосари диққат-эътиборида
2026-06-13 12:10:00 / Янгиликлар

Бугун халқ амалий санъати, миллий ҳунармандчилик анъаналари қадим тарихга эга вилоятимизда асрлар оша қадрланиб, оилавий ҳунармандлар сулолалари учун даромад манбаига айланмоқда. Бу борада аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни барқарор даромад билан таъминлаш ва оилавий турмуш даражасини яхшилашда мақсадли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бухоро шаҳрининг Имом Бухорий маҳалласида фаолият юритаётган "Buxoro ipak gilam markazi" оилавий корхонаси фикримиз далили.
Корхона раҳбари Сабина Бурханова ўз фаолиятини дастлаб уйда, икки нафар чевар билан таъминлашдан бошлаган. Бугунга келиб эса бу ташаббус кенг қулоч ёзди. Корхона қошидаги "Устоз-шогирд" мактабида 60 нафардан ортиқ қизга гилам тўқиш сири ўргатилгани фаолиятни янада кенгайишига замин яратди. Бу саъй-ҳаракат туфайли эндиликда ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож 130 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланмоқда.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 838 минг АҚШ долларини ташкил этади. Йилига 200 дан ортиқ пишиқ ипакдан тўқилган Бухоро гиламлари тайёрланиб, бу маҳсулот тўла-тўкис хорижий сайёҳларга сотилмоқда. Қадим юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар туфайли корхона маҳсулотлари Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва бошқа мамлакатларга етиб бормоқда.
Бош вазир ўринбосари "Buxoro ipak gilam markazi"да меҳнат қилаётган аёллар билан суҳбатлашиб, улар даромади, оилавий аҳволи ва эҳтиёжларини тинглади ва уларни қўллаб-қувватлашга доир тавсияларини берди.
Шу куни “Romstar” пиллани қайта ишлаш корхонасида бўлган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова нафақат ипак ишлаб чиқарувчи маскан, балки замонавий технологиялар, илм-фан ва меҳнаткашлик уйғунлашган инновaцион марказда аёлларга яратилган шарт-шароит, улар моддий таъминоти, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорти билан яқиндан танишди.
Ромитан туманида фаолият юритаётган “Romstar” Ўзбекистон–Россия–АҚШ қўшма корхонаси айни кунда вилоятнинг 7 та туманида ипак қурти парваришини мувофиқлаштириш, тайёр пилла хом ашёсини йиғиб олиш ҳамда уни юқори сифатли ипак толаси (калава ип) ҳолатига келтириб, ички ва ташқи бозорда реализaция қилиш билан шуғулланиб келмоқда.
Корхонада мавсум давомида 600 нафар ишчи доимий иш билан таъминланса, қурт боқувчи касаначи ва оилавий звенолар билан биргаликда бу кўрсаткич 1 мингдан ошади. Бўлажак мутахассисларнинг маҳоратини ошириш мақсадида корхонада пиллачилик бўйича касбга тайёрлов дуал таълим тизими ҳам йўлга қўйилган. Бунда меҳнат қилаётганларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









