Вилоятда “Ислоҳотлар штаби” фаолияти самарадорлиги муҳокама қилинди
2026-06-12 20:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев олиб борган мазкур муҳокамада республика вазирликлари, қўмита ва идоралари мутасаддилари, уларнинг вилоятимиздаги масъул вакиллари, тижорат банклари бошқарувчилари, вилоятдаги мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ва улар ўринбосарлари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, айни кунда Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифларида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, ҳудудда кенг кўламли истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир тавсия ва топшириқлари ижросини сўзсиз бажариш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини бартараф этиш, корхоналарни соғломлаштириш, 6 ойлик кўрсаткичларга сўзсиз эришиш, ишсизлик ва камбағалликни камайтиришга доир долзарб вазифаларни ўз муддатида амалга ошириш жуда муҳим.
Айни кунда “Ислоҳотлар штаби” томонидан ҳудудда 1 300 дан ортиқ муаммо ечими юзасидан ишлар олиб борилаётган бўлиб, бу муаммоларнинг тўла-тўкис ҳал этилиши 514 та маҳалла фуқаролар йиғини, 1 265 та қишлоқ, 102 та тадбиркорлик субъекти миқёсида, 400 минга яқин аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга имконият яратиши билан аҳамиятли.
Шу нуқтаи назардан, айни пайтда республика қатор вазирликлари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари вилоятда мазкур муаммоларни маҳаллий ҳокимлик ва бевосита масъул идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан ташкилий ишларни олиб бормоқдалар.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан атрофлича маълумот бериб, бу борада масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилотларнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракати натижасида аҳолини қийнаётган кўплаб муаммоларга амалий ечим топилаётганини қайд этди. Эришилган натижалар аҳоли фаровонлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар самарасини яққол намоён этмоқда.
Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан республика вазирлик ва идоралари вакилларидан Шуҳрат Давлетяров—вилоятнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ижроси, Элмурод Сапаров— иқтисодиёт соҳасига масъул идоралар томонидан ҳудудда белгиланган вазифалар ижроси, давлат дастурларига маблағ ажратилиши ва ўз вақтида тўлиқ молиялаштирилишига доир, Эрали Турдиев—аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва беморлар учун яратилган шарт-шароитларни яхшилашга доир ташкилий чора-тадбирлар, Нарбек Сағиндиков—инвестициялар жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдо-иқтисодий фаолиятни кенгайтириш соҳасидаги мавжуд муаммолар ечимига доир ташкилий ишлар юзасидан ахборот бердилар.
Якунда республика Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда вилоят ҳокими томонидан вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга доир белгиланган муҳим вазифалар ижроси юзасидан масъул мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юкланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









