Бош вазир ўринбосари Бухоро шаҳридаги “Ezaza group” ва “Nigora” енгил саноат корхоналарида бўлди
2026-06-12 15:30:00 / Янгиликлар

Дастлабки манзили миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ezaza group” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Корхонада чеварлар қўли билан миллий либослар, зардўзлик тўнлари, келин-куёвлар сарполари, каштачилик ва сувенир маҳсулотлари тайёрланмоқда. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни доимий даромад манбаи билан таъминлашда фаол бўлган фабрикада бугунга келиб 30 нафар чевар меҳнат фаолиятини юритмоқда. Бундан ташқари, яна 25 нафар тикувчи уй шароитида касаначи сифатида корхона билан шартнома асосида ҳамкорлик қилиб, маҳсулот ҳажмини оширишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
“Ezaza group” айни кунда йирик ишлаб чиқариш салоҳиятига эга субъектлардан бири бўлиб, бунда бир ойда 400 миллион сўмгача бўлган қийматдаги маҳсулот тайёрланиб, буюртмачиларга етказилмоқда.
Кунлик қувватига келсак, бу корхонада бир кунда 400-500 донагача келин-куёвлар зардўз чопонлари, махсус логотиплар, кашталар, бош кийимлар ва зардеворлар тикиб тайёрланмоқда.
Замонавий енгил саноат технологияси ва иш услубини ўзида ўзлаштираётган “Ezaza group” МЧЖ фаолияти давомида Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига 100 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни экспорт қилишга эришди. Шунингдек, корхона брендига хос маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Озарбайжон, Хитой ва Таиланд каби давлатларда ўтказилган халқаро нуфузли мода намойишларида ўзининг миллий либослар коллекцияси билан мунтазам қатнашиб, муносиб эътирофини топиб келмоқда.
Шундан сўнг, Бош вазирнинг ўринбосари Зулайхо Маҳкамова “Merganteks” пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги “Nigora” фабрикасида бўлди.
Умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу йирик лойиҳа доирасида пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ва кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ва узлуксиз занжир (кластер тизими) йўлга қўйилган. Аҳамиятлиси, ҳозирда фабрикада 840 та янги иш ўрни яратилган.
“Nigora” фабрикаси Хитой, Германия ва Белгиядан келтирилган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган замонавий, юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Енгил саноат субъектида “Shoyigul” савдо ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж, тайёр кийим маҳсулотлари асосан Европа Иттифоқи бозорига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия, Германия давлатларига экспорт қилинаётгани катта ютуқ, албатта. Бу жараёнда йиллик экспорт ҳажми 10 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова бошчилигидаги меҳмонлар корхонанинг шоу-руми ва тайёр маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар. Фабрика маҳсулотларининг юқори сифати мазкур тадбирда иштирок этган Тожикистон делегaцияси вакиллари томонидан ҳам эътироф этилди ва юқори баҳоланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









