Олотда “Илмли аёл—кучли жамият” мавзусида форум бўлиб ўтди
2026-06-12 09:55:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир хотин-қизларнинг талаб даражасида таълим-тарбия олишлари, замонавий касб-ҳунар эгаллашлари, илм-фан ва инновaциялар соҳасидаги фаолликларини оширишлари, уларни янги марралар сари руҳлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Форумда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётида ўз ўринларини топишлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида тўхталиб, бу борада Олотдаги янгиланиш ва ўзгаришлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидланганидек, айни кунда Янги Ўзбекистонда аёл-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши, фоизсиз таълим кредитлари, магистратура босқичидаги контракт тўловларининг давлат томонидан қоплаб берилиши, бошқа қатор имтиёзлар юзлаб қизларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Форум давомида вилоят ва республика миқёсида фаолият юритаётган олималар, профессорлар, ахборот технологиялари мутахассислари, педагоглар ва жамоатчилик фаоллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Жумладан, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова, IT мутахассиси ва инновaцион лойиҳалар асосчиси Гулнора Бўронова, “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши ҳудудий таянч гуруҳи раиси, профессор Лайло Шарипова, “Оқила аёллар” ҳаракати вилоят раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Донохон Ачиловалар вилоятимизда хотин-қизлар таълими, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир давомида серфарзанд ва ибратли оилалар бекалари, қизларини ўқитиб, уларнинг муносиб ютуқларга эришишларида катта ҳисса қўшаётган ота-оналар ҳам сўзга чиқиб, таълим-тарбия масалалари фарзанд тарбиясидаги масъулият ҳамда илмнинг кучи ҳақида фикрларини баён этдилар.
Форумнинг якуний қисмида турли соҳаларда юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ва ташаббускор қизлардан бир гуруҳи тақдирланишди. Илм-фан, таълим, спорт, маданият, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, форум доирасида “Таълимга элтувчи йўл”, “Қизлар ва келажак касблари”, “Оила ва каръера – мувозанат санъати” мавзуларида панел сессиялар ташкил этилди. Ушбу сессияларда таълим олишга тўсқинлик қилаётган омилларни енгиб ўтиш, СТЕМ ва IТ йўналишларида қизлар учун мавжуд имкониятлар, оилавий ҳаёт ва касбий фаолият ўртасидаги мувозанатни таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбир якунида “Илмли аёл – кучли жамият” форумининг тавсиялари ўқиб эшиттирилиб, фаол иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









