Халқаро кинофестивалда ғолиб бўлган бухоролик ижодкорларга Бухорода ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатилди
2026-06-11 21:45:00 / Янгиликлар

Мазкур фестивал машҳур “Cannes Film Festival” доирасида, у билан параллел равишда ўтказиладиган мустақил инклюзив кинофестивал ҳисобланади. Унда Африка, Америка, Европа ва Осиё давлатларидан киноижодкорлар иштирок этди.
Маълум қилинишича, 2026 йилги кино мавсуми учун 600 дан ортиқ фильм аризаси қабул қилинган бўлиб, улардан 20 дан зиёд фильм ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинган. Сараланган ишлар орасида “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” фильми гран-при мукофотига муносиб деб топилди.
Фильм Даун синдроми билан туғилган Юсуф исмли бола ҳақида ҳикоя қилади. Асарда унинг мусиқага муҳаббати, ҳаётга ишончи ва онаси Зилоланинг фарзандининг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кураши таъсирчан тарзда акс эттирилган.
Бухоро давлат университетининг катта йиғингоҳида ижодкорлар билан учрашув ва фильм премьераси бўлиб ўтди.
Маданият ва санъат ихлосмандлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда санъат ва маданиятни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу каби эътибор ўзбек киносининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорларининг Гран-при совринини қўлга киритгани юртимизда кинематография соҳасига қаратилаётган эътибор натижасидир.
Ушбу ютуқ миллий кинематография учун муҳим воқеа бўлиб, фильм ўзининг мазмуни, бадиий ифодаси ва инсонпарварлик ғоялари билан халқаро экспертлар эътиборини қозонгани алоҳида тилга олинади.
Ҳатто, ушбу ютуқ Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам алоҳида эътироф этилиб, ёш ижодкорларни тақдирлаш тўғрисидаги Фармон қабул қилинди. Унга мувофиқ, гран-при соҳиби бўлган ижодкорлар “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Тадбир давомида Суҳроб Қодиров ва Дилшодбек Усмоновга эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг халқаро майдондаги ютуғи алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган "Шамсиқамар" филмининг ҳам преьмераси ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









