“Шижоат ва ғайрат” ҳарбий спорт мусобақасининг вилоят босқичи ғолиблари тантанали тақдирланди, ёшлар ўртасида футбол, мини-футбол ва қизлар футболи бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақасининг вилоят босқичига қуръа ташланди
2026-06-11 21:00:00 / Янгиликлар

Бугунги тадбирлар ёшларимизни ватанпарварлик, жасорат, интизом ва соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашга хизмат қилаётган муҳим лойиҳалардан бири эканлиги эътироф этилди.
Қайд этилганидек, бугун минглаб ёшларимиз спорт орқали нафақат жисмонан чиниқмоқда, балки ҳаётда ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, унга интилишни ҳам ўрганмоқда.
“Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари ёшларимизнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ва иқтидорли спортчиларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир доирасида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи ғолиблари ва номинациялар бўйича турли йўналишларда фаол бўлган ёшлар тантанали тарзда тақдирланди.
Таъкидлаш лозимки, мусобақанинг мамлакат босқичида энг юқори натижага эришган жамоа аъзолари олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномага эгалик қилади. Шунингдек, финалда биринчи ўринни эгаллаган жамоа маҳалласига намунавий универсал спорт майдончаси, иккинчи ўрин соҳиби маҳалласига стрит-воркаут майдончаси, учинчи ўрин соҳибига эса воркаут майдончаси қуриб берилади.
Хабарингиз бор, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Анъанага кўра, жорий йилда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол ҳамда қизлар ўртасида мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақалари уч босқичда ўтказилмоқда.
Тадбир давомида ёшлар ўртасида футбол, мини-футбол ва қизлар футболи бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақасининг вилоят босқичига куръа ташланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









