Олот: Ҳиммат Бобоқулов учун имконият чекланмаган, балки у яратилмоқда
2026-06-09 16:30:00 / Янгиликлар

Бу хонадонда яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Ҳиммат Бобоқуловнинг ҳаёт йўли алоҳида эътиборга лойиқ. Жисмоний имконияти чекланганига қарамасдан, у бугунга келиб ўз ташаббуси ва тиниб-тинчимаслиги билан якка тартибда ўзига хос тадбиркорлигини юритмоқда. Бу билан нафақат ўз оиласи, балки маҳалладошларига ҳам хизмат кўрсатмоқда.
Ҳиммат Бобоқулов қишлоқдаги умумтаълим мактабини тамомлагач, атиги битта ноутбук ва нафақа маблағидан йиғилган 2 миллион сўм маблағ билан иш бошлаган. Ҳозирда эса унинг фаолияти 50 миллион сўмлик айланма маблағ асосида ривожланмоқда.
Хонадонда ташкил этилган мўъжаз хизмат кўрсатиш шохобчасида пайнет, пул ўтказмалари, коммунал тўловлар, турли тўлов хизматлари ҳамда канцелярия маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Шунингдек, телефон ускуналарини таъмирлаш хизмати ҳам аҳолига қулайлик яратмоқда. Хизматлари билан танилган Ҳиммат Бобоқуловни ўз маҳалласида ҳожатбарор йигит сифатида яхши билишади. Чекка ҳудудда талабалар учун тўлов, пул ўтказмаларидан тортиб, турли маиший-электрон хизматларгача унинг томонидан амалга оширилмоқда.
Каримовлар оиласининг муваффақияти фақат тадбиркорлик билан чекланмайди. Хонадонда 2 сотих майдонда помидор, 1 сотих ерда эса цитрус мевалар иссиқхонаси барпо қилинган бўлиб, томорқачилик ҳам ривожлантирилмоқда. Бу иссиқхонада шу кунларда 600 туп помидор кўчати парваришланиб, 3 тоннадан ортиқ ҳосил етиштириш кўзда тутилган. Дастлаб маҳсулотнинг ҳар килограми 13 минг сўмдан сотилган бўлса, бугунга келиб маҳалла аҳлига 5-6 минг сўмдан таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, томорқада картошка, бақлажон, саримсоқ, пиёз, ошқовоқ, бодринг каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам етиштирилиб, аввало рўзғор эҳтиёжига сарфланмоқда. Хонадондаги яна бир мўъжаз иссиқхонада лимон, мандарин, киви, турли гул ва мевали кўчатлар ҳамда бошқа цитрус ўсимликлар парвариш қилинмоқда. Ҳовли-жойда эса айни кунда 100 тупдан ортиқ олма, олча, нок, шафтоли каби мевали дарахтлар ўстирилган. Токзор ташкил этилиб, улардан ҳам яхшигина ҳосил олинмоқда.
Қолаверса, бу хонадонда бор имкониятдан келиб чиқиб, чорва моллари ва паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. Сигир-бузоқ боқилаётгани оила дастурхонини сут, қатиқ, сариёғ билан таъминлашда қўл келаётган бўлса, бир ёқда парваришланаётган товуқлар тухумга кирган. Хонадон ташқарисида ташкил қилинган кичик савдо растаси эса рўзғордан ортган маҳсулотларни маҳалладошларга ҳам етказишда муҳим воситадир.
Каримовлар оиласи мисолида айтиш жоизки, кимда меҳнатсеварлик, матонат ва қатъият бўлса, имкониятлардан унумли фойдаланиш, меҳнатга яраша моддий манфаатдорликка эришиш мумкин. Аслида, меҳнаткаш, жасоратли одамлар ҳар қандай шароитда нафақат ўз оиласи, балки жамият равнақига ҳам баҳолиқудрат ҳисса қўшишнинг уддасидан чиқадилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









