Когон: “Боғи Сараён”да етилиб пишган шафтоли аҳоли дастурхонига тортиқ қилинмоқда
2026-06-08 18:30:00 / Янгиликлар
Айни кунда Когон туманида аҳоли томорқачилари 21 мингга яқин бўлиб, улар тасарруфидаги мавжуд томорқа ери 2 минг 128 гектарга етказилган. Шунингдек, ҳудудда бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда.

Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–4 сотихдан иборат бўлиб, йил бўйи асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этиб келинмоқда.
Шу ўринда чоғроқ еридан катта даромад олаётган когонлик илғор томорқа эгаларидан Сорғун маҳалласида истиқомат қилаётган Шуҳрат Тўраев, Ўбачўли маҳалласида яшовчи Носир Ҳайдаров, Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Баҳром Ёдгоров, Сараён маҳалласида яшовчи Саид Нарзиев, Туткунда маҳалласида истиқомат қилаётган Ахтам Фозиловларни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса “йўқни йўндириб”, пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонлари миришкорлари булар. Мазкур хўжаликларда йил бошидан картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётганини кўриш мумкин. Улар орасида лимон етиштиришда пухта тажрибага эгалари бор.
Ҳудудда самарали фаолият юритаётган деҳқон хўжаликларидан бири Сараён маҳалласидаги “Боғи Сараён” масъулияти чекланган жамияти саналади. Мазкур хўжаликда 7 гектар майдонда шафтолизор боғ барпо қилинган бўлиб, шафтолининг “Big Bon” нави шу кунларда тўлиқ пишиб етилган. Боғда хушхўр ва харидоргир ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Йириклиги, хушбўй таъми ва юқори сифат кўрсаткичи билан ажралиб турган бу нав сархил мевалари бозор ва савдо расталари орқали аҳоли дастурхонига пешма-пеш етказилмоқда.
Айтиш жоизки, боғда йил давомида агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилгани натижасида бугунга келиб ҳосил мўл бўлишига эришилди. Мевани саралаш, сақлаш, қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиш жараёни ҳам талаб даражасида ташкил этилган. “Боғи Сараён” МЧЖда етиштирилган сифатли ва сара шафтоли ҳосили меҳнаткашлар сидқидил пешона тери, ҳалол меҳнати маҳсули сифатида бозор тўкинлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







