Ботир Зарипов маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимлари билан учрашди
2026-06-08 16:20:00 / Янгиликлар

Мазкур учрашув нафақат ижод аҳли, балки мамлакат тараққиётига бефарқ бўлмаган кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим воқеа бўлди. Айниқса, билдирилган ташаббуслар, белгиланган вазифалар маданият ва санъатга бўлган муносабат давлат сиёсати даражасида янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.
Бугунги кунда дунёда иқтисодий ва сиёсий рақобат билан бир қаторда маънавий таъсир учун ҳам кураш кучаймоқда. Ахборот оқимлари, ижтимоий тармоқлар ва турли мафкуравий таъсирлар шароитида халқнинг маънавий таянчи бўлган адабиёт, театр, кино ва мусиқанинг аҳамияти янада ортиб боряпти. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари маданият ва санъатни жамият тараққиётининг муҳим омили сифатида баҳоламоқда.
Учрашувда эълон қилинган энг муҳим янгиликлардан бири — ижодкорларни рағбатлантириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилаётганидир. Театр, кино, мусиқа, рақс, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилиши истеъдодларни эрта аниқлаш ва уларни тизимли тарбиялаш имконини беради.
Маданият ва санъат аҳлининг ижтимоий ҳимоясига оид қарорлар ҳам диққатга сазовор. Ипотека тўловларини қоплаш, ижара харажатларига компенсация бериш, тиббий суғурта ва даволаниш имкониятларини кенгайтириш ижодкорнинг фақат ижод билан шуғулланиши учун қулай муҳит яратишга қаратилган муҳим қадамлардир.
Вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг бухоролик соҳа ходимлари билан учрашувида ҳам айнит шу жиҳатлар алоҳида тилга олинди.
Вилоят раҳбари сўзининг аввалида Президентимизнинг соҳа ходимлари билан ўтказган учрашувида илгари сурилган ташаббуслар инсон капиталига, миллий ўзликни англашга ва жамият маънавиятини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини алоҳида таъкидлади.
Мазкур учрашувда белгиланган вазифалар ижроси Бухоронинг қадимий санъати ва адабиётини, маданиятини янада ривожлантиришда муҳим асос бўлиши эътироф этилди.
Учрашув давомида 21 та ижодий йўналиш кесимида вилоятда, шаҳар-туманларда амалга ошириладиган ташкилий ишларга эътибор қаратилди. Хусусан, ижодий йўналишларга вилоят даражасида белгиланган ҳамкор ташкилотлар ва кўмаклашувчи ҳамда ҳудудларга бириктирилган маданият ва санъат тизими раҳбарларининг шаҳар-туманларла соҳани ривожлантириш, ҳокимликлар билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш, муаммоларни ҳал қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Йўналишларнинг ижодий ривожланиш концепциясини шакллантириш, шаҳар-туманлардаги ижодий жараёнларга методик раҳбарлик қилиш, иқтидорли ёшлар ва ижодкорларни аниқлаш, тўгараклар, маҳорат дарслари ва ижодий лойиҳаларни ташкил этиш, фестиваллар, танловлар ва кўргазмалар сценарийсини шакллантириш, соҳа бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш, ҳудудларда ижодий муҳитни яхшилаш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада соҳа ходимларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Бугун биз яшаётган давр технологиялар асри, сунъий интеллект асри, кескин рақобат ва мафкуравий курашлар асридир. Бундай мураккаб шароитда халқнинг ўзлигини сақлаб қолиши, миллий манфаатларини ҳимоя қилиши ва тараққиёт йўлидан оғишмаслиги учун кучли маънавий таянч зарур. Бу таянч эса, шубҳасиз, маданият, санъат ва адабиётдир. Қалбида Ватанга муҳаббат, тарихига ҳурмат ва миллий қадриятларига садоқат туйғуси шаклланган инсонни ҳеч қандай бегона ғоя ўз йўлидан чалғита олмайди.
Шу маънода, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат маданият ва санъат аҳлининг, балки бутун халқимизнинг эртанги кунига дахлдор бўлган улкан маънавий дастурдир. Бу халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бой маданий меросини асраб-авайлаш, уни замон билан ҳамнафас ривожлантириш ва келажак авлодларга муносиб тарзда етказишни назарда тутади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









