Когон: ҳудудда умумий узунлиги 157 километрдан иборат водопроводлаштириш ишлари якуний босқичдa
2026-06-08 15:35:00 / Янгиликлар

Ўтган 2025 йил давомида туманда ”Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида 2 та замонавий маҳалла маркази, 3 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1 та умумтаълим мактаби янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, баркамол авлод вакиллари таълим-тарбияси учун муносиб шарт-шароит яратилди.
Қолаверса, “Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида Когон тумани аҳолисини сифатли ва тоза ичимлик суви билан ҳам барқарор таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Маҳалла ва қишлоқларга тоза ичимлик сувини узлуксиз етказиб беришга доир амалий ишлар лойиҳа доирасида белгиланган талаблар асосида амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида туманнинг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида 21 минг метр, "Янги ҳаёт" маҳалласида 28 минг метр, "Беклар" маҳалласида 12 минг метр, "Мустақиллик" маҳалласида 45 минг метр, "Сараён" маҳалласида 18 минг метр, "Чолоки" маҳалласида 25 минг метр, "Когон" маҳалласида 8 минг метр масофага ичимлик сув тармоғини тортиш ишлари якуний босқичга етиб қолди.
Ҳудудда маҳаллалараро умумий узунлиги 157 километрни ташкил этган бу кенг кўламдаги лойиҳа яқин кунларда тўла-тўкис якунига етказилгач, тумандаги 1 минг 306 тадан ортиқ хонадон илк бор тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминланади. Қолаверса, 2 минг 860 та хонадонда мавжуд ичимлик сув таъминоти барқарор изга солиниши билан аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш имконияти яратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








