Ғиждувон: “Соҳибиён”, “Қорабоғ”, “Соктари” ва бошқа маҳаллаларда таълим масканлари замонавий қиёфага кирмоқда
2026-06-04 20:40:00 / Янгиликлар

Айни кунда жумладан, Ғиждувон туманида ҳам мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар изчил бормоқда. Масалан, шу кунларда туман мактабгача ва мактаб таълими тармоғида амалга оширилаётган йирик қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари қаторида “Қорабоғ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 33-сонли умумтаълим мактабида 420 ўринли, “Соктари” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4-сонли умумтаълим мактабида 540 ўринли ўқув биноларини қуриб битказиш ва мавжуд таъмирталаб мактаблар биноларини замонавий андозага келтириш жараёни кечмоқда.
Шу билан бирга, “Соҳибиён” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 51-сонли умумтаълим мактабида 624 ўринли, “Зарангари” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10-сонли умумтаълим мактабида 870 ўринли ўқув биноларини барпо этиш ва мавжуд ўқув иншоотларини қайта мукаммал таъмирлаш ишлари пудратчи корхоналар ишчи-мутахассислари томонидан бажарилмоқда.
Туман ҳокимлиги, тегишли мутасаддилар томонидан ҳар бир маҳаллада бораётган қурилиш-таъмирлаш ишлари кундалик назоратга олиниб, уларда бинокор ишчи-мутахассисларга яратилган меҳнат шароитидан тортиб, қурилиш материаллари таъминоти, белгиланган ишларнинг муддатида сифатли бажарилаётгани қатъий назоратга олинган.
Хулоса шуки, бугун янгидан қурилаётган ёки капитал реконструкция қилинаётган ҳар бир ўқув биноси бу эртамиз эгаларининг муносиб шароитда таълим-тарбия олишлари, истеъдодларини юзага чиқариш йўлида қўйилаётган мустаҳкам пойдевор, келажак сари ташланган ишончли қадамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









