Ромитан: пойжўйликлар учун замонавий андозадаги мактаб барпо қилинмоқда
2026-06-03 14:50:00 / Янгиликлар

Илгари маҳалладаги 700 нафарга яқин мактаб ўқувчиси бир неча чақирим йўл босиб, катта магистрал йўл орқали 19-сонли мактабга қатнашга мажбур эди. Бу нафақат болалар учун чарчоқ, балки, ҳар бир ота-она учун доимий хавотирланишларига сабаб эди.
—Маҳаллада янги мактаб қурилаётганини эшитиб, айниқса, ота-оналарнинг боши осмонга етди. Катта йўл бўйлаб болаларнинг қатнови бизни доим хавотирга соларди. Бу таълим маскани қурилиши маҳалламиз учун ҳақиқий хурсандчилик,—дейди шу маҳалла хотин-қизлар фаоли Розия Раҳимова.
Янгидан барпо қилинаётган иншоотда пудратчи субъект "Bobur Azamat Temur" МЧЖ қурувчилари томонидан айни кунда ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар пойдеворини қуйиш, қишки ва ёзги спорт иншоотлари, ошхона ва устахона биноларини барпо этиш, ишчи-ходимлар учун шарт-шароит яратиш ишлари бажарилмоқда.
Иш юритувчи Темур Икромовнинг таъкидлашича, ҳозирда иншоотда бетон қуювчилар, дурадгор, усталардан иборат элликка яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Иш сифати ва унумдорлиги туман ҳокимлиги томонидан доимий назоратда. Умумий қиймати 10 миллиард 740 миллион сўм бўлган бу замонавий мактаб биносини мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу маскан замонавий андозадаги билим даргоҳи, пойжўйликлар учун энг улуғ ва энг азиз байрамга муносиб туҳфа бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




