Бухорода яна бир замонавий тўрт юлдузли меҳмонхона очилди
2026-06-03 09:40:00 / Янгиликлар

Таҳлилларга кўра, 2025 йилда вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 7,5 млн. нафар, шундан, хорижий туристлар сони 2,7 млн нафардан ортиб, 2016 йилга нисбатан 15 бараварга кўпайди.
Айни пайтгача, Бухоро вилоятида катта-кичик ҳажмдаги 717 та меҳмонхона негизида 18,5 минг нафар меҳмонни қабул қилиш қуввати яратилди.
Юртимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида Бухоро шаҳрида яна бир замонавий меҳмонхона қуриб фойдаланишга топширилди.
“Шарқ юлдузи муқаддас” МЧЖ томонидан барпо этилган “Poykent Bukhara Old City” номли мазкур янги меҳмонхона тўрт юлдузли бўлиб, 248 ўрин, 129 та ҳар хил турдаги (2-3 кишилик, VIP) хоналардан иборат. Меҳмонхона ишга тушиши билан 110 янги иш ўрни ҳам яратилди. Эндиликда бу ерда ишловчи йигит-қизлар меҳмонхона бошқарувида хориж тажрибасини ўрганиб, дуал таълим асосида туризм соҳасида замонавий хизмат кўрсатиш кўникмаларига эга бўлишади.
25 млрд маблағ ҳисобига бундё этилган бино 2-3 қаватли бўлиб, ўзида миллий меъморчилик анъаналарини акс эттиради. Сайёҳларга қулай бўлиши учун мазкур бино Бухоронинг эски шаҳар қисмида бунёд этилган. Иншоот жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган. Меҳмонхонага замонавий иситиш ва совутиш тизимлари ўрнатилган. Бу ерда ёпиқ турдаги бассейн ва сауна, замонавий ресторан фаолият кўрсатади. Энг эътиборли томони шундаки, мазкур меҳмонхонадан эски шаҳар бўйлаб пиёда юриб бориш мумкин, транспортга ҳам ҳожат йўқ.
Эътиборга молик факт: Мазкур объект “Poykent Bukhara” меҳмонхоналар тармоғининг 5-меҳмонхонаси бўлиб ҳисобланади.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова, туризм соҳаси вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни янги туризм объекти фойдаланишга топширилиши муносабати билан табриклади. Вилоят раҳбари Президентимизнинг ташаббуси билан Бухорога дунё аҳлининг қизиқиши ортиб бораётгани ва сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш йўлидаги ҳар бир таклиф, ташаббускорлик қўллаб-қувватланиши ҳамда айни тадбиркорнинг меҳнатсеварлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бу даргоҳ миллий меҳмонхоналар занжирини, хусусан, миллий меҳмонхона брендини яратиш ва бутун дунёга танилишида муҳим аҳамият касб этиши, бу эса Бухорода туризмни янада жадал ривожланишида, Осиё ва Европа мамлакатларидан ташриф буюрадиган кўплаб сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишга замин яратиши таъкидланди.
Тадбир якунида меҳмонлар мажмуада яратилган қулайликлар билан танишди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









