Бухоро тумани: "Ravshan Bukhara Arashan Selection” МЧЖ қўйлар бош сонини 1000 тага етказди
2026-06-01 20:35:00 / Янгиликлар

Корхона раҳбари Раҳмонали Ҳошимов томонидан асосий эътибор зотдор қўйларни парваришлаш, селекция ишларини ривожлантириш ҳамда чорва молларининг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган. Шу орқали ҳудудда чорвачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.
Мазкур хўжаликда “Арашан” зотли қўйларни кўпайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, келгусида қўйлар бош сонини 3000 бошга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, наслчилик ишларини янада ривожлантириш мақсадида четдан юқори сифатли зотдор қўйларни олиб келиш, уларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш ҳамда селекция жараёнини илмий асосда йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Корхонада чорвачиликни замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, ем-хашак базасини мустаҳкамлаш, ветеринария хизмати ва зооветеринария назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу эса нафақат чорва молларининг соғлом ўсиши, балки маҳсулдорликнинг ошишига ҳам хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бундай ташаббуслар Бухоро туманида чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






