Қоракўл: ғалла ўрим-йиғими “Тўймурод Меҳмон” фермер хўжалигидан бошланди
2026-06-01 15:10:00 / Янгиликлар

Фермер хўжалиги томонидан жорий мавсумда хорижий селекция навларига мансуб буғдой экилиб, ҳар гектарга 400 килограмдан уруғ сарфланган. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилгани натижасида гектаридан 96 центнердан ҳосил олиниб, юқори натижага эришилди. Бу эса тумандаги бошқа фермер хўжаликлари учун ҳам муносиб тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳар йилги деҳқончилик анъанасига мувофиқ, элимиз ризқ-рўзи манбаи бўлган буғдой ҳосилини етиштириш йўлида Қоракўл туманида жорий мавсумда ғаллачиликка ихтисослашган 225 та фермер хўжалиги томонидан жами 6035 гектар майдонда сара навли бошоқли дон экинлари парваришланди. Миришкор деҳқонлар ва фермерлар меҳнати туфайли ҳадемай ғаллачиликдан баракали хирмон кўтариш мақсад қилинган.
Ғалла ўрим-йиғимини қисқа муддатда ва сифатли ташкил этиш мақсадида барча зарур ташкилий чоралар кўрилган. Хусусан, мавсум давомида 18 та замонавий, юқори унумли ғалла ўриш комбайни жалб этилмоқда. Мазкур агрегатларни мавсумга техник жиҳатдан шай қилиш ва таъмирлаш мақсадида улар "Мергантекс" пахта-тўқимачилик кластери техника паркида жамланиб, механик ва механизаторлар томонидан техник кўрикдан ўтказилган, нуқсон ва камчиликлари бартараф этилган.
Шунингдек, 18 та ўрим-йиғим отряди шакллантирилиб, уларга 90 тага яқин дон ташувчи транспорт воситаси, 2 та кўчма таъмирлаш устахонаси ҳамда 4 та ёқилғи ташувчи махсус автомашина бириктирилган.
Бугун Қоракўл далаларида бошланган қизғин меҳнат жараёни деҳқонларнинг бир йиллик заҳматли меҳнати самараси бўлиб, туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз дастурхонининг тўкинлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







