Бухоро тумани: “Шехонча”да янги оилавий боғча фаолиятини бошлади
2026-06-01 11:55:00 / Янгиликлар

Ўтган йилда жажжи ўғил-қиз учун 9 950 та қўшимча мактабгача таълим ўрни яратилгани ҳолда вилоят бўйича 21 та янги мактабгача таълим ташкилоти қуриб ишга туширилган ва уларга 3 минг нафардан ошиқ бола қамраб олинган. Албатта, қамров йилдан йилга ортиб бораётгани болажонларни эрта ёшдан сифатли таълим ва тарбияга жалб этиш, улар саводхонлигини ошириш йўлидаги изчил ишларнинг яққол самарасидир.
“Шехонча” маҳалла фуқаролар йиғинида болалар боғчасига талаб ва эҳтиёж борлигини яхши ўрганган ташаббускор тадбиркор Ситора Фатуллаева 50 ўринли оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этди.
Мазкур оилавий боғчанинг ишга туширилиши маҳалладаги ёш болажонларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда замонавий таълим-тарбия олиши учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади. Боғчада болалар майдончаси, ошхона ва ётоқхона, ўйин ва машғулот хоналари зарур инвентарлар билан жиҳозланган.
Шунингдек, янги ташкил этилган мактабгача таълим муассасасида малакали тарбиячилар томонидан эртамиз эгаларига илк таълим-тарбия бериш, улар интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






