Пешку: “Мустақиллик” маҳалласидаги 5-сонли мактабгача таълим маскани мукаммал таъмирланмоқда
2026-06-01 09:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилда 140 та умумтаълим мактаби ва 75 та мактабгача таълим ташкилотида, жами 215 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 1,1 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Шу мақсадда жумладан, Пешку туманида 16 та иншоот, шундан, 10 та умумтаълим мактаби ва 6 та мактабгача таълим ташкилотида мукаммал таъмирлаш-тиклаш ва жиҳозлаш ишлари аллақачон бошланган.
Масалан, туманнинг “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида 180 ўринли, 5-сонли мактабгача таълим муассасасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Мазкур лойиҳа ҳудудда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болалар учун замонавий ва қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади.
Объект буюртмачиси Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжениринг компанияси ҳисобланади. Лойиҳа ҳужжатлари “Buxoroproekt” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, айни кунда қурилиш ишларини “Elegant invest qurilish” МЧЖ ишчи-мутахассислари олиб боришмоқда.
Мазкур муассаса қайта қурилишининг умумий қиймати 6 миллиард 186 миллион сўмни ташкил этмоқда. Қурилиш ишлари бошланганига икки ой тўлаётган бўлиб, иншоотни ҳадемай, 1 август куни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Барпо этилаётган замонавий таълим муассасалари — бу нафақат янги бинолар, балки ёш авлоднинг талаб даражасида билим олиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, келажакда юксак натижаларга эришиши учун яратилаётган мустаҳкам пойдевордир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





