Когон шаҳри: тиниб-тинчимас Равза буви уй хўжалигини обод қилмоқда
2026-05-30 11:40:00 / Янгиликлар

Когон шаҳри, “Адолат” маҳалла фуқаролар йиғини, Нафосат кўчасидаги 2-уйда истиқомат қилувчи Равза Галиакбарова бу йил умрининг 75-баҳорини қарши олган, табаррук ёшли онахон бугун ўз меҳнати, шижоати ва тадбиркорликка бўлган интилиши билан кўпчиликка, айниқса ёшларга ибрат бўлиб келмоқда.
Эмин-эркин пенсия гаштини суриб юриши мумкин бўлган онахон уй хўжалигида паррандачилик билан самарали шуғулланиб, оиласига барака киритмоқда.
Онахон айни кунда ғайрат билан 8 бош курка, 20 бош ғоз ва ўрдак, 30 бош товуқ парвариш қилмоқда. Шунингдек, бу манзилда 20 бош ғоз ва ўрдак полапонлари, яна 18 бош товуқ жўжалари ҳам парваришланмоқда. Эътиборлиси, Равза буви бу ишни нафақат даромад манбаи, балки меҳнацеварлик ва сабр намунаси сифатида ҳам кўради. Нуроний онахон ҳар бир жониворни меҳр билан боқиб, кўпайтириб, ўзининг бой ҳаётий тажрибасини амалий меҳнат билан уйғунлаштирган.
Муҳими, паррандачилик хонадонда йўлга қўйиш мумкин бўлган сердаромад соҳалардан бири. Бу орқали ҳам оила дастурхони тўкин бўлади, ҳам қўшимча даромад топиш имконияти яратилади. Равза опа эса ўз меҳнати билан бунинг амалий намунасини кўрсатиб келмоқда.
Очиғи, фидойи онахоннинг ғайрати ва меҳнацеварлиги ҳар бир хонадон ёки ундаги аёлларга мотивация—шижоат беради. Зеро, ёш муҳим эмас, меҳнатга лаёқатли инсоннинг ҳаракати, мақсади ва изланувчанлиги долзарб. Равза опа сингари нуроний ёшда ҳам хотиржамликка берилмасдан, меҳнат билан даромад топаётган аёллар, онахонлар бор экан, юртимизда меҳнат қадри ва тадбиркорликка бўлган қизиқиш янада ортади.
Мазкур маҳаллада бугунга келиб жами 579 та хонадон, 639 та оилани ўз ичига олган жами 2,5 мингга яқин аҳоли вакили истиқомат қилмоқда. Ўтган йилларда “Обод маҳалла” давлат дастурига мувофиқ ҳудуддаги инфратузилма иншоотлари, жумладан, йўл таъмири, электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминоти янада яхшиланиб, аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйларнинг фасад қисмлари замонавий қиёфа касб этмоқда. Шу билан бирга, Равза буви сингари миришкор хонадон бекалари сафи кенгаяётгани маҳалладошлар дастурхони тўкинлигини таъминлаш, рўзғорини бутлашда муҳим аҳамиятга эга, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




