Олот: қўша қариш саодатига эришган Атамуродов, Исматов, Адиловлар оилалари барчага ибрат
2026-05-29 19:40:00 / Янгиликлар

Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Олот туманида ҳам Нуронийлар кенгаши раиси Саидқули Оққийев бошчилигида ана шундай файзли хонадонларда учрашув ва эҳтиром тадбирлари ташкил этилди. Бу тадбирларда юрт равнақи йўлида сидқидил хизмат қилган, меҳнати ва ҳаёт тажрибаси билан эл орасида ҳурмат-эҳтиром қозонган нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга самимий тилаклар билдирилди.
Ана шундай ибратли оилалардан бири Атамуродов Нурилло Бобомуродович хонадонидир. 1947 йилда таваллуд топган замондошимиз Самарқанд давлат қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. 1965 йилда умр йўлдоши Нозик Атамуродова билан оила қурган. Меҳнатни эъзозлаб келаётган бу хонадон бугун файзу баракага йўғрилган. Нурилло ота халқ хўжалигида кўп йиллар ҳалол меҳнат қилиб, 1996 йиллардан фермер хўжалиги раҳбари сифатида фаолият юритган.
Меҳнатсевар ва аҳил оилада 7 нафар фарзанд вояга етган бўлиб, улардан 4 нафар ўғил ва 3 нафар қиз бугун жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб улғайган. Ҳозирда эса нуроний ота-онанинг 27 нафар набираси ва 40 нафар чеваралари бор. Бу эса бир оила ва унинг аҳил-иноқ соҳиблари учун улкан бахт, шарафдир.
Тадбир давомида Исматов Иззатилла Норқулович хонадонида ҳам бўлиниб, нуроний отахон ва онахон ҳолидан хабар олинди. 1952 йилда туғилган Иззатилла Исматов Тошкент давлат тиббиёт институтида таҳсил олган. 1975 йилда турмуш ўртоғи Исматова Тўхтагул опа билан оила қурган. Улар 7 нафар фарзандни вояга етказган бўлиб, 5 нафар ўғил ва 2 нафар қизнинг камолини кўришмоқда. Эл-юрт хизматидаги самарали меҳнати учун Иззатилла ака “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Айни кунда отахон 16 нафар набиранинг меҳр ва ардоғида умр кечирмоқда.
Шунингдек, Адилов Анвар Муҳаммадович хонадони ҳам файзли учрашув манзилига айланди. 1954 йилда таваллуд топган Анвар Адилов Бухоро педагогика институтини тамомлаган. 1977 йилда турмуш ўртоғи Гулбаҳор Адилова билан оила қурган. Улар 2 нафар ўғилни тарбиялаб вояга етказишган. Бугунга келиб эса 6 нафар набира ва 2 нафар чевара ардоғида яшамоқдалар. Анвар ака узоқ йиллик самарали фаолияти туфайли “Халқ таълими аълочиси” ҳамда “Меҳнат фахрийси” каби кўкрак нишонларига ҳам сазовор бўлгани катта тажриба, ҳалол меҳнат маҳсули, албатта.
Ҳар жабҳада ибрат нуронийларимиз ҳаёт йўли, оилавий тутуми, меҳнатсеварлиги ёш авлод учун чинакам ибратдир. Уларнинг дуоси, ҳаётий тажрибаси ва оқилона насиҳатлари жамиятимиз маънавий устунларидан бири бўлиб хизмат қилади. Зеро, қўша қариб, фарзандлар камолини кўриб яшаш инсон учун энг улуғ саодатдир. Ана шундай файзли хонадонларимиз кўпаяверсин, нуронийларимиз ҳамиша ардоқда бўлишсин!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









