Пешку: эҳтиёжманд ва мададга муҳтож оилалар, кекса-нуронийларга меҳр ва эътибор кўрсатилмоқда
2026-05-29 19:35:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-196-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Пешку туманида ҳам кенг кўламли меҳр-саховат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Мазкур эзгу ташаббус доирасида туманда “Ижтимоий реестр”га киритилган ҳамда давлат таъминотида бўлган 605 нафар эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олиниб, ҳудудда истиқомат қилаётган якка-ёлғиз, эҳтиёжмандлар “Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш” электрон ахборот тизимига рўйхатга олингани ҳолда, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган жами 71 нафар фуқарога кундалик истеъмоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилгани айни муддао. Бунда туман ҳокимлиги ва маҳалла масъулларининг ўрни ва иштироки бор, албатта.
Ана шу хайрли амалларнинг давоми сифатида юртимизда Қурбон ҳайити байрами нишонланаётган шу кунларда Пешкулик якка-ёлғиз, эҳтиёжманд оилалар учун эҳсон тадбири, хайрия дастурхони ёзилди.
Хусусан, тумандаги “Ниҳол” тўйхонасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳамда мададга муҳтож кекса-нуронийлар учун меҳр ва эътиборт кўрсатилиб, улардан ҳол-аҳвол, кўнгил сўралди.
Самимий руҳда ўтган тадбир аввалида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва эзгу ишлар бардавом бўлиши тилаб дуолар қилинди. Туман ҳокимлиги, саховатпеша ҳомийлар, жамоатчилик вакиллари тадбирда сўз олиб, юртдошларимизни муборак айём, халқимизга хос бағрикенглик байрами билан самимий табрикладилар.
Тадбирда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар ва кекса авлодга ғамхўрлик кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодаси экани алоҳида эътироф қилинди. Тантанада нуронийлар томонидан давлатимиз раҳбарига халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати учун самимий миннатдорлик билдирилиб, дуою саломлар йўлланди.
Маҳалла ва қишлоқларда Қурбон ҳайити каби муборак айёмларда ташкил этилаётган бундай эҳсон ва саховат тадбирлари жамиятимизда меҳр-мурувват, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





