Бухороликларга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди
2026-05-29 19:00:00 / Янгиликлар

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Бухоро вилоятининг 5 нафар вакили ҳам бор.
Бугун вилоят ҳокимлигида мукофот соҳибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маданият ва санъат соҳаси ходимлари, вилоят фаоллари, жамоатчилик вакиллари, ёшлар қатнашди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов мукофотга сазовор бўлган вилоят вакилларининг ҳар бири эришган ютуқларга алоҳида-алоҳида тўхталиб, эл-юрт олдидаги меҳнатларини эътироф этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайли бу йўналишда чинакам юксалиш даври бошланди.
Қадимий ва табаррук Бухоро заминида ҳам бугун маданият ва санъат соҳаси янги нафас, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Халқаро ва республика миқёсида ўтказилаётган нуфузли фестиваллар, жумладан, “Халқаро замонавий санъат биенналеси”, “Халқаро зардўзлик ва заргарлик” фестивали, шунингдек, “Ипак ва зираворлар”, Ҳунармандлар куни, Насриддин Афанди каби фестиваллар, “Қовун сайли”, “Палов сайли” ва “Маҳоратли пазандалар танлови” каби тадбирлар миллий маданиятимизнинг жозибасини бутун дунёга намоён этмоқда.
Сўнгги йилларда маданият муассасаларини замонавийлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Хусусан, фақатгина 2017-2025 йиллар давомида вилоятдаги 13 та маданият марказлари таъмирланди, Олот, Ғиждувон, Жондор туманларимизда маданият бўлимларининг янги бинолари қуриб фойдаланишга топширилди.
Биргина 2025 йил давомида республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 37 млрд сўм маблағ сарфланди.
Тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан мукофот соҳиблари кўрсатилаётган юксак эътибор ва эътироф учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик изҳор этдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









