Когон тумани: Қурбон ҳайити—хайрия ва саховат, бағрикенглик намунаси
2026-05-29 12:55:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-196-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Когон туманида ҳам савобга йўғрилган хайр-саховат тадбирлари ҳамжиҳатликда ташкил этилди.

Юрт меҳри, катталар эътибори ва ғамхўрлигини айни кунда когонлик ҳар бир бола ҳам бирдек ҳис қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўғил-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг 10 нафарига омонат ҳисоб варақлари очилиб, ҳар бирига 200 АҚШ долларидан маблағ ўтказиб берилди.
Мазкур эзгу ташаббус доирасида туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан васийлик, ҳомийлик ва патронат асосида тарбияланаётган болалар хонадонларига борилди. Манзилли ташриф давомида болажонларга Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табриклари, эсдалик совғалари йўлланди.
Шунингдек, бу тоифадаги оилаларнинг яшаш шароити, болаларнинг таълим-тарбияси, ижтимоий муҳофазаси, саломатлигини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар белгиланди.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларда вояга етаётган икки нафар боланинг ахборот технологиялари соҳасига қизиқиши ва таълим олиши учун компьютерга эҳтиёжи борлиги инобатга олингани ҳолда уларга туман ҳокимлиги ташаббуси билан замонавий русумдаги ноутбуклар топширилди. Ўз навбатида, болалар ва уларнинг яқинлари томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун ҳукуматимизга миннатдорлик билдирилди.
Қурбон ҳайити муносабати билан тумандаги “Farzona” тўйхонасида кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ночор аҳволда яшаётган оилалар учун хайрия тадбири ташкил этилди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож 170 нафар оила вакили ҳамда нуроний отахон ва онахонлар иштирок этдилар.
Тадбирда меҳмонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, уларга иззат-икром кўрсатилди. Самимий руҳда ўтган учрашувда халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик қадриятлари яна бир бор намоён бўлди.
Тадбирда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш сифатини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, дилдан суҳбат авж олди. Самимий даврада юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда дастурхонларимиз тўкин бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









