Бухоро тумани: 600 нафар эҳтиёжманд фуқарога ҳайитлик тарқатилди
2026-05-25 22:50:00 / Янгиликлар

Айни кунда жойларда Қурбон ҳайити муносабати билан уламолар, имом-хатиблар, фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Мутасадди ва саховатпеша ҳомийлар томонидан саховат тадбирлари доирасида кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Шу муносабат билан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Қурбон ҳайити байрами арафасида Бухоро туманида истиқомат қилувчи 600 нафар кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ушбу эзгу ташаббус орқали эҳтиёжманд оилаларнинг байрамни муносиб, хотиржам ва шукроналик руҳида ўтказишига амалий кўмак кўрсатилмоқда. Ижтимоий ёрдам пакетлари таркибидан рўзғор учун зарур ун, ёғ, гуруч, шакар каби кундалик истеъмол маҳсулотлари ўрин олган.
Тадбир давомида ташкилотчилар бундай хайрия ишлари жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Маҳаллий аҳоли эса кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, бундай эзгу амаллар халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.
Бундай хайрия тадбирлари келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши халқимизга хос бағрикенглик ва саховатпешаликнинг ёрқин намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









