Когон тумани: ғалла ўрим-йиғимига пухта тайёргарлик кўрилмоқда
2026-05-23 10:00:00 / Янгиликлар
Шу кунларда Когон туманида ҳам ғалла ўрим-йиғимига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Миришкор деҳқон-фермерлар томонидан етиштирилган буғдой ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилган.

Жорий йилда тумандаги 230 та фермер хўжалиги томонидан жами 4 минг 511 гектар майдонда ғалла парвариш қилинмоқда. Туман ғаллакорлари жорий йилда ҳар гектар ҳосилдорлигини ўртача 70 центнердан ошириш, ялпи сара буғдой хирмонини 31 минг тоннага етказишни мақсад қилишган. Аҳамиятлиси, бу ҳосилнинг ярмидан ортиғи фермер хўжаликлари меҳнат жамоалари моддий манфаатдорлиги учун сарфланади.
Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусан, ўрим комбайнлари туман машина-трактор паркига жамланиб, техник кўрикдан ўтказилмоқда. Механик ва механизаторлар томонидан аниқланган техник нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш, агрегатларни созлаш, эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Таъмирлаш, комбайнларни шай қилиш ишига фермер хўжаликлари вакиллари, механизаторлар, шунингдек, токар, пайвандловчи, темирчи ва бошқа мутахассис усталар жалб этилган. Асосий мақсад деҳқоннинг йил бўйи машаққат билан етиштирган ҳосили—ризқ-рўз манбаини қисқа муддатда, сифатли ва талофатларсиз ўриб-йиғиб олишга қаратилган.
Ўрим мавсумида туманда 16 та замонавий "Case" русумли юқори унумдор ғалла ўриш комбайнидан фойдаланиш кўзда тутилган. Ҳозирда уларни техник созлаш ишлари якунланмоқда. Мутахассислар томонидан ўримга жалб қилинаётган ҳар бир юқори унумдор комбайн билан кунига ўртача 15 гектар ғаллазор ҳосилини ўриб саранжомлаш чоралари кўрилмоқда.
Далада жонбозлик кўрсатадиган 16 та ўрим-йиғим отрядига 70 та дон ташувчи транспорт воситаси, кўчма таъмирлаш устахонаси, ёқилғи ташувчи автомашиналар бириктирилмоқда. Ҳадемай, ўримга тушадиган комбайнчи механизаторларни рағбатлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







