Бухоро филиалида педиатрия корпуси фойдаланишга топширилди
2026-05-21 19:05:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб муассасада 20 нафар малакали педиатр врач томонидан бемор болаларга диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилади. Филиалда бир кунда 40 нафардан зиёд, бир йилда 10 минг нафардан ортиқ беморни қабул қилиш, уларга юқори даражада тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.
Филиал янги замонавий педиатрия корпусининг тантанали очилиш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, филиал раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, врачлар ҳозир бўлдилар. Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Адилов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари С.Рахимов, Бухоро Давлат тиббиёт институти профессори Ш.Ўроқовлар сўзга чиқишиб, янги бўлим жамоасига самимий табрикларини йўлладилар.
Эътироф қилинганидек, мазкур корпус аҳоли фарзандлари саломатлигини муҳофаза қилиш, бемор болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир амалий натижасидир. Филиалга мурожаат билан келадиган норасида беморлардан 8100 нафари стационар шароитда ётиб даволанади. Бемор болаларнинг қарийб 30 фоизи реанимatsiя бўлимида ётиб, саломатлигини тиклайди.
Педиатрия корпуси “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида ютиб олинган 1 миллиард 420 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағи эвазига барпо қилинди. Уни талаб даражасида жиҳозлашда 184 миллион сўмликдан зиёд ҳомийлик маблағи жуда қўл келиб, янги муассаса фойдаланишга топширилди.
Замонавий талаблар асосида барпо этилган масканда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имкониятларини янада кенгайтириш имконияти бор. Мазкур педиатрия корпусида 20 нафар малакали педиатр ва болалар реаниматолог мутахассиси фаолият юритади. Улар томонидан бемор болаларга юқори савияда тиббий диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилади.
Сўзга чиққанлар янгидан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган бино ҳар томонлама қулай шароитга эга эканлигини таъкидлаб, қурувчиларга ўз миннатдорликларини изҳор қилдилар. “Qurilish loyiha” МЧЖ раҳбари Б. Тошев, пудратчи ташкилот “Abdug‘ani Shoxruxbek buyuk istiqbol quruvchi” МЧЖ раҳбари А. Ғаффоров ва бошқалар муносиб тақдирландилар.
Ўз ўрнида, бўлим шифокорлари ушбу яратилган шарт-шароитга жавобан самарали меҳнат фаолиятини юритиш, ёш беморларни сифатли тиббий ёрдам олишларини тўлиқ таъминлаши, қасамёдига содиқ бўлиб хизмат кўрсатишларини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









