Университетда “Туркман гиламларида туркий халқларнинг маданий хотираси” мавзуида халқаро илмий-амалий семинари бўлиб ўтди
2026-05-20 17:00:00 / Янгиликлар

Азалдан ҳунармандчилик анъаналари ривожланган Бухорода туркман гиламларини тўқишга ихтисослашган қўшма корхонанинг иш бошлаши икки давлат раҳбарларининг маданий–маърифий, ижтимоий–иқтисодий, савдо ва инветициявий соҳаларда амалга ошираётган яқин ҳамкорлик ҳамда қўшничилик алоқаларининг натижаси, албатта.
Қўшма корхона қошида туркман гиламларининг тарихи, қўшни халқнинг урф – одат ва анъаналаридан батафсил маълумот берувчи кўргазма павильони ҳам ташкил этилган. Бу маскан айни кунда қадим Бухоронинг сайёҳлик йўналишларидан бирига айланмоқда. Табиий хом ашёдан инсон қўл меҳнати билан яратиладиган туркман гиламлари ўзининг рангдорлиги, нақшлар уйғунлиги билан дунёга машҳур. Шу боис, унга олам гўзаллигини ўзида мужассам этган қўл меҳнати маҳсули, мўжиза дея таъриф берилиши бежиз эмас. Азалдан ўзаро дўстлик ва биродарлик ришталари мустаҳкам бўлган ўзбек – туркман халқлари ўртасидаги яқин қўшничилик алоқалари айнан шу йўналишда ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
Бухоро давлат университетида “Туркман гиламларида туркий халқларнинг маданий хотираси” мавзусида халқаро илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун келган меҳмонлар университетда ташкил этилган ранг-баранг ва ўзига хос маданий меросни акс эттирувчи кўргазма билан яқиндан танишдилар. Халқ амалий санъатига оид кўргазмадан катта таассурот олган хорижлик олимлар университетда таълим жараёнини рақамлаштириш, талабаларга хизмат кўрсатиш сифатини белгиловчи замонавий тизим “Ofis registrator” бўлими билан ҳам яқиндан танишдилар. Хорижий экспертларга университетнинг ички бошқарув тизими, талабаларнинг академик кўрсатмаларини олиш ва кредит-модул самарали бошқариш жараёни ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Халқаро илмий-амалий семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов, университет илмий ишлар ва инновaциялар бўйича проректори Камолиддин Самиев, шунингдек, Туркманистон республикасидан келган илмий тадқиқотчи олимлар иштирок этдилар.
Анжуманда илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туркий халқларнинг бой маданий меросини тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва келгусидаги истиқболли лойиҳаларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






