Когон тумани: таъмирлаш навбати "Туткунда" маҳалласи йўлига келди
2026-05-20 14:15:00 / Янгиликлар

Айни пайтда темирйўлчилар туманида 511 километр масофадаги ички хўжалик йўли мавжуд бўлиб, 2022-2025 йиллар давомида тегишли дастурлар доирасида қарийб 180 километр йўл қисми қайта таъмирланиб, асфальтлаштирилган.
Хусусан, “Геофизика” МФЙ нинг Бирлик ва Наврўз кўчаларида, “4Р–65” ва "4Р–63” русумли автомобиль йўллари “Азизобод-Когон ш." йўналишидаги йўл бўлиб, унинг “Тун-Ироқ” МФЙ дан ўтувчи 4 километр қисмида, "Сорғун" маҳалласидан ўтувчи "4K–182" русумли, “Когон ш.–Каттаорғун қ.–Янглов–Қизилтепа” йўлининг 3 километр қисми ҳам йўлсозлар томонидан асфальтлаштирилган. Баҳоуддин Нақшбанд, Янги турмуш, Туткунда, Беклар каби маҳаллаларда ички йўллар асфальтлаштирилиб, аҳолига қулай ва равон йўл солинган.
Ана шундай ободонлаштириш ишлари доирасида яқинда Туткунда маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “80 В-128” русумли маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлининг 3–4,2 километр оралиғида ҳам асфальтлаштириш ишлари муваффақиятли якунланди. Мазкур лойиҳа туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси йўлсозлари томонидан талаб даражасида бажарилди.
Таъмирлаш жараёнида йўлнинг яроқсиз қисми тўлиқ текисланиб, замонавий асфальт қопламаси ётқизилди. Натижада бу ҳудудда транспорт воситалари ҳаракати учун янада қулай шароит яратилиб, аҳолининг қатнови сезиларли даражада енгиллашди.
Умуман, кўп йилдирки, ўнқир-чўнқир, ёзда чанг, қишда лой кўпчиб ётадиган, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган йўлларнинг равонлиги оширилиб, муаммолар ўз ечимини топаётгани маҳаллий аҳоли учун катта қулайликдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







