“Bukhara City”да қурилиш суръати ошмоқда
2026-05-19 21:15:00 / Янгиликлар

Бу жараёнда мажмуа дирекциясининг мутасадди ходимлари, инвесторлар, пудрат ташкилотлари масъуллари, Қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари иштирок этадилар.
Навбатдаги ўрганишда кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий бинолар, хизмат кўрсатиш масканлари, муҳандислик тармоқлари ва ташқи инфратузилмада бажарилаётган жараён таҳлил қилиниб, ҳар бир лот бўйича ишларнинг бориши атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, биноларнинг ташқи қисми, ички безак ишлари, муҳандислик тармоқларини улаш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ҳамда йўлларни тартибга келтириш ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Инвесторлар ва пудратчи ташкилотлар томонидан кўтарилган айрим ташкилий ва техник масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, кенг қурилиш майдонига айланган ҳудудда меҳнат муҳофазаси қоидаларига амал қилиш, хавфсизлик чораларини кучайтириш, қурилиш ашёлари сифатини доимий назорат қилиш, шаҳарсозлик талабларига тўлиқ риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масъул мутасаддиларга ишчи кучларидан самарали фойдаланиш, махсус техникалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва белгиланган режалар ижросини жадал таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Маълумот ўрнида, 83 гектар майдонни эгаллаган “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар маркази айни кунда 77 та лотдан иборат бўлиб, ҳудудда турар жойлар, меҳмонхоналар, идора ва савдо бинолари, таълим муассасалари, ахборот технологиялари маркази, музей, тиббиёт ҳамда сайёҳлик йўналишидаги қатор иншоотлар барпо қилинмоқда.
Аҳамиятлиси, бугунга қадар 23 та лот фойдаланишга топширилган бўлса, жумладан, 19 та кўп қаватли уй-жой, 2 та умумтаълим мактаби, 1 та меҳмонхона ва 1 та савдо мажмуаси ишга туширилган. “Bukhara City” Бухоро шаҳрининг замонавий қиёфасини шакллантириш, аҳоли учун шинам яшаш шароитини яратиш, ҳудуд иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









