Ромитан: ғалла ўрими учун 25 та комбайн ва юк ташувчи автомашиналар шай қилинмоқда
2026-05-19 17:00:00 / Янгиликлар
Ўтган йилги деҳқончилик мавсумида Ромитан туманида ғаллачилик йўналишидаги 274 та фермер хўжалиги томонидан 6414 гектар ерда элимиз ризқ-рўзи, серҳосил навларга мансуб сара буғдой етиштирилган бўлиб, бу саъй-ҳаракат туфайли давлат омборига 18 минг тоннага яқин буғдой етказиб берилган. Давлатга сотилганидан ташқари, саранжомланган яна шунча сара буғдой хўжаликлар моддий манфаатдорлигини таъминламоқда.

Жорий йилги ғалла мавсумида ҳам худди шунча ер майдонида буғдой етиштирилмоқда. Фермер хўжаликларида ҳар гектар ҳосилдорлиги 5 тонна атрофида ташкил этган ҳолда ҳам туманда ялпи сара дон хирмонини 32 минг тоннага етказиш имконияти бор.
Бундан ташқари, туманда кўп тармоқли субъектга айланаётган “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган йил ҳосили учун 1900 гектар майдонда ғалла етиштирилиб, режадагидан салмоқлироқ, жами 10 минг тоннадан ошириб сара дон хирмони яратилган бўлса, шундан 6 минг тонна атрофидаги ҳосил давлат хирмонига муносиб улуш сифатида қўшилган. Бу муваффақият туман қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг жадаллашганлиги, кластер фаолиятининг такомиллашаётгани, фермерлар моддий манфаатдорлиги, ерга, мулкка эгалик ҳиссининг ошгани, замонавий усулларнинг изчиллик билан жорий этилганлиги самарасидир.
Куни кеча туманда жорий йил ризқ-рўз манбаи—ғалла ҳосили ўрим-йиғимига бағишланган, бошоқли дон экинларини қисқа муддатда, сифатли ва талафотларсиз йиғиштириб олишга бағишланган амалий семинарда долзарб ўрим мавсумини юқори даражада ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Унда туман ҳокимлиги, агрокомплексга тегишли масъуллар, агрокластер ҳамда ғаллачиликда банд бўлган фермер хўжаликлар раҳбарлари, комбайнлар операторлари қатнашдилар.
Туманда ўрим-йиғим ишларига жалб этилган комбайн ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларининг техник ҳолатини доимий назорат қилиш, уларни мавсумга тўлиқ тайёр ҳолда сақлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Жорий йилда 6414 гектар майдонда етиштирилган бошоқли дон, сара буғдой ҳосилини кечиктирмасдан, сифатли ўриб олиш мақсадида 25 та комбайн агрегати ва юзтага яқин ташувчи юк автомашинаси жалб қилинмоқда. Айни кунда техника воситалари техник кўриги ўтказилиб, созлаш, эҳтиёт қисм билан таъминлаш ишлари якунланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






