Бухорода “Ибратли оила” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди
2026-05-18 16:55:00 / Янгиликлар

Қувонарлиси, йиллар давомида вилоятимизда ибратли хонадонлар сони ошиб бормоқда. Чунончи, 2024 йилда илк бор вилоятимиздан 13 та оила бу шарафга муносиб кўрилган бўлса, 2025 йилга келиб 137 та оила шундай юксак эътирофга сазовор бўлди. Жорий йилда эса яна 109 та хонадон вакиллари ўзларининг гўзал оилавий қадриятлари, ҳаёт йўллари билан юксак мукофот — “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги доирасида бугун вилоят ҳокимлигида “Ибратли оила” кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Бахтиёр Адилов, Ҳафиза Артикова, сенатор Абира Ҳусейнова, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Самойдин Қосимов ва бошқалар юксак эътирофга сазовор бўлган оила эгаларини самимий табрикладилар.
Эътироф қилинганидек, ҳозирда вилоятимизда 615 минг 418 та оила вакиллари тинч-тотувликда ҳаёт кечиришмоқда. Бу шунчаки рақам эмас, балки 615 мингдан зиёд хонадонда бахт, меҳр-оқибат, фарзандлар камоли ва юртимиз тинчлиги учун меҳнат қилаётган аҳоли вакиллари, вилоятимизнинг энг катта бойлигидир. Бу юксак мукофотга сазовор бўлган оилалар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига махсус белги ўрнатилади. Унда "Бу хонадонда “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган оила истиқомат қилади" деган шарафли сўзлар битилган бўлади. Бу белги маҳалла-куй, ёшлар ва бутун жамият учун ҳақиқий ибрат маёғи бўлиб хизмат қилади. Бу хонадонлар кўчасидан ўтган ҳар бир инсон уларга ҳавас билан қарайди, фарзандларимиз улардан намуна олади.
Жамият учун ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, айниқса, янги қурилаётган хонадонларнинг барқарорлиги жуда муҳим. Жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида вилоятимизда 3 666 та янги оила (никоҳлар) қайд этилди. Бизнинг олий мақсадимиз — мана шу янги қурилган хонадонлар, мавжуд оилалар ибратли, мустаҳкам ва соғлом муҳитга эга бўлишини таъминлашдир.
Бухоро вилоятининг энг файзли, ибратли ва жонкуяр оилалари қаторида Бухоро шаҳридан Акрам Миров, Когон шаҳридан Ўлмас Ҳотамов, Вобкент туманидан Шомурод Ражабов, Жондор туманидан Мурод Яхшиев, Шофиркон туманидан Мизроб Саломов, Олот туманидан Шуҳрат Бозоров, Ромитан туманидан Ҳикматилло Шарипов, Қоровулбозор туманидан Раҳматилло Яҳёев, Ғиждувон туманидан Собир Азизов, Пешкў туманидан Шуҳрат Файзуллаев, Когон туманидан Камол Пўлатов ва бошқалар шундай юқори шарафга лойиқ кўрилдилар. Уларга кўкрак нишони ва пул мукофоти топширилди.
Ўз навбатида, юксак эътироф ва ғамхўрлик учун Давлатимиз раҳбари ва халқимизга самимий миннатдорликларини изҳор этган ибратли оилалар соҳиблари айнан оила институтини қўллаб-қувватлаш жамиятда намунали хонадонлар сафини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









