Жондор: “Истиқлол” маҳалласидаги пиллакорлар ҳам “кумуш тола” хирмонига барака киритмоқда
2026-05-18 11:10:00 / Янгиликлар
Истиқлол маҳалласида ҳам ипак қурти мавсуми, қизғин меҳнат жабҳаси авжида. Маҳаллага 38 қути ипак қурти тақсимланган бўлиб, шу кунларда машаққатли меҳнат маҳсули, қарийб 2,5 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёсини етиштириш мақсад қилинган. Асосийси, 22 та оиладаги хотин-қиз айнан пиллачилик орқали ишини топган. Улар орасида ижтимоий ёрдамга эҳтиёжмандлари, даромад манбаига эга бўлган касаначилар бор.

Жондор тумани Истиқлол маҳалласида одатдагидай, тонг отмасдан ҳаёт қайнай бошлаган. Хонадонларда ипак қуртлари парвариши билан банд аёллар бир зум ҳам вақтни бой бермасдан ўз юмушларига киришган. Кимдир барг тайёрлайди, кимдир қуртлардан хабар олади. Астойдил ҳар бир меҳнат ортида ризқ, рўзғор ва эртанги кунга ишонч мужассам.
Бу йил маҳаллада 38 қути ипак қурти ҳудуддаги фермер хўжаликлари ҳамда касаначилар ўртасида тақсимланган. Айни кунда ҳудуддаги “Эшонов Шойимқул” фермер хўжалиги 22 қути, “Қайим бобо” фермер хўжалиги 5 қути, “Обид ўғли Камол” ва “Акмал Эркин ўғли” фермер хўжаликлари, шунингдек, яна 5 та касаначи хонадони 3 қутидан ипак қуртини парваришлаб, ҳар қутисидан 75 килограмга етказиб “кумуш тола” етиштириш ҳаракатидалар.
Албатта, ҳалол пешона тери ортида оилалар рўшнолиги, турмуш сифати, ундаги одамлар қувончи, меҳнат қадри, моддий манфаатдорлиги ётибди. Маҳаллада ипак қурти боқаётган хонадонлар орасида ижтимоий рейестрда турувчи кам таъминланган оилалар вакиллари, “Аёллар дафтари”га киритилган опа-сингиллар бор. Ҳатто, узоқ юртдан меҳнат мигрatsiясидан қайтиб, ўз юртида ризқ топаётган аёллар ҳам бугун шу меҳнат ортидан рўзғорини тикламоқда.
Касаначи Шамсия Очилова ҳам ана шундай меҳнаткаш аёллардан бири. У оила аъзолари кўмагида 1,5 қути ипак қуртини меҳр билан парваришлади. Бугунга келиб натижа эса кутилганидан ҳам юқори бўлди. Давлат омборига 115 килограмга етказиб, пилла топширилди. Унинг юзидаги мамнун табассум ортида туну кун қилинган заҳматдан эришилган рағбат мужассам.
Яна бир касаначи Кўклам Тоҳиров ҳам бу мавсумда ўзининг меҳнати ва тиришқоқлигини намоён этиб, оила аъзолари билан биргаликда 2 қути ипак қуртидан 150 килограм ҳосил етиштирди. Режадан ошиқча етиштирилган ҳар килограм пилла учун мукофот пулини ҳам тарози бошида нақд олди.
Бугун Истиқлол маҳалласида пилла йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Пиллачилик — бу шунчаки тармоқ эмас, балки меҳнаткаш пиллакорлар, оилавий звеноларни меҳнатга чорлайдиган, оилаларга даромад олиб кирадиган, муҳими, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган баракали ризқ манбаи.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






