Олот: комбайн ва техникалар ғалла ўрим-йиғимига шай қилинмоқда
2026-05-16 20:15:00 / Янгиликлар
Қишлоқ хўжалигида кўп йиллик тажрибага эга Олот тумани деҳқонлари кейинги йилларда 18 минг гектардан ортиқ ерда деҳқончилик қилиб, аҳоли дастурхони тўкинлиги йўлида баракали ҳосил етиштириб келишмоқда.

Олис туман миришкорлари 7 минг 652 гектар ерда саноат учун зарур хом ашё—15 минг 400 тоннадан ортиқ пахта етиштириш мақсадида қаттиқ меҳнат қилиб, эрта баҳорда ерга барака уруғини қадаган бўлсалар, худди шундай, 2025 йилги мавсумда тумандаги 202 та ғаллачилик фермер хўжалиги томонидан жами 5 минг 369 гектар майдонда буғдой экиб парваришланиб, сара ғалла ҳосилини 31 минг тоннадан оширишга муваффақ бўлдилар.
Айниқса, мураккаб иқлим шароитли ҳудудда юқори ҳосил етиштиришга эришилаётгани деҳқонларнинг астойдил меҳнати ва замонавий агротехнологияларга бўлган ёндашуви самарасидир. Айни кунда Навоий, Баҳористон, Чорбоғ, Денов, Шарқ юлдузи, Ўзбекистон, Гулистон ҳудудларидаги ғалла етиштирилаётган контурларда, жумладан, “Сухробжон Дадахон”, “Бозор Султон”, “Жўра Қурбон”, “Фаррух Сардор саховати”, “Парда Жума замини”, “Ўлмасбек Мақсудов”, “Ахтам Шариф”, “Саид Чори Саховати”, “Фарҳод Соҳибжон”, “Хайрулло Ёдгоров”, “Шакарой Сулаймонова” сингари ўнлаб фермер хўжаликларида буғдойзор агротехник талабларга мувофиқ тўлиқ бошоқ ҳосил қилмоқда.
Шу кунларда ҳудудда ҳосилни қисқа муддатда ва нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш учун пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жорий мавсумда тумандаги ғалла майдонларида ўримни самарали ташкил этиш мақсадида 24 та юқори унумли комбайн ҳамда 90 тадан ортиқ юк ташувчи техникаларни жалб этиш режалаштирилган. Техника паркларида комбайнларнинг техник кўриги ўтказилиб, улар шай ҳолга келтирилмоқда.
Техникаларни ҳозирлаш билан бирга, механизаторларнинг мавсумга тайёргарлиги, далада рўй бериши мумкин бўлган носозликлар учун эҳтиёт қисм, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари захирасини тайёрлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда техника воситаларидан унумли фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, мавсумда самарали меҳнат қилаётган механизаторларни рағбатлантиришга доир тавсиялар ҳам ишлаб чиқилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




