“Hududgaz Buxoro”: газ таъминоти янги босқичга чиқмоқда
2026-05-16 10:25:00 / Янгиликлар

Аҳолининг мазкур хизматдан самарали ва шаффоф фойдаланишини таъминлаш мақсадида янги тартиб жорий этилди. Хусусан, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 апрелдаги қарорига мувофиқ, “Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июндан бошлаб жисмоний шахсларни маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу эса аҳоли учун ортиқча оворагарчиликларни камайтириш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Янги тартибга кўра, мурожаат келиб тушган куни ваколатли оператор томонидан маълумотлар “E-gaz” ахборот тизимида шакллантирилади. Бир иш куни мобайнида аризада келтирилган маълумотлар текширилади. Кейинги босқичда эса уч иш куни ичида мутахассислар ариза берувчининг яшаш манзилига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини амалга оширади ва тегишли далолатномани расмийлаштиради.
— Рақамлаштириш тизимидан асосий мақсад коррупциянинг олдини олиш, газ баллонини ариза эгасига ўз вақтида етказиб бериш ва ортиқча қоғозбозликларни камайтиришдан иборат,—дейди “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобиржон Мамедов.
Маълум қилинишича, маиший газ баллонлари асосан табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда истиқомат қилувчи жисмоний шахсларга ажратилади. Айни пайтда газ таъминоти ташкилотлари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида янги тартибнинг мазмун-моҳияти бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда суюлтирилган газ таъминоти соҳасида жорий этилаётган янги тизим аҳолига қулайлик яратиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва коммунал хизматлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







