Бухороликлар Ҳаж сафарига жўнаб кетди
2026-05-16 09:45:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини марказлаштирилган ҳолда ташкил этиш, уларнинг ибодатларини эмин-эркин ва қулай шароитда адо этишлари учун яратилаётган имкониятлар хорижлик зиёратчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Қувонарлиси, Ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш тизими сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Ҳаж — бу нафақат сафар, балки инсон қалбини поклайдиган, иймон ва ихлосни мустаҳкамлайдиган буюк ибодатдир. Бу муборак йўл инсонни маънан юксалтириб, қалбига хотиржамлик ва нур бахш этади.
Аҳамиятлиси, юртимиздан муқаддас Ҳаж ибодатига боришни мақсад қилаётганлар сафи кенгаймоқда. Бу борада 2019 йилда 7 минг 200 нафар, 2023 йилда 13 минг нафар, 2024 ва 2025 йилларда 15 минг нафар юртдошимизга муқаддас амал, буюк мақом насиб этган.
Хусусан, Ҳажнинг муҳим босқичлари ҳисобланган Мино, Арафот ва Муздалифада ҳожиларимиз учун яратилаётган шароитлар ҳам тубдан яхшиланиб, кўрсатилаётган хизматлар сифати янги босқичга чиқди. Бу масканларда ҳожиларни жойлаштириш, транспорт қатнови, озиқ-овқат таъминоти, санитария-гигиена, тиббий хизмат ҳамда ибодатларни тартибли адо этишга доир яратилган имкониятлар зиёратчиларимиз хотиржамлигини таъминламоқда.
Дунё мусулмонлари учун йилнинг энг муҳим ва интиқиб кутилган палласи-Ҳаж мавсуми. Жорий йилда Ўзбекистондан Исломнинг бешинчи фарзини адо этиш учун 15 мингдан ортиқ юртдошимиз Саудия Арабистонига сафар қилмоқда. Жумладан, 800 нафардан ортиқ бухороликларга ҳам ҳожилик мартабаси насиб этмоқда.
Мазкур савобли ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йилда Давлатимиз раҳбаридан яна бир ташаббус—юртдошларимиздан 100 нафари “Президент ҳожилари” қаторида улуғ мақомга муносиб топилиб, Ҳаж амалларини бажариш бахтига мушарраф бўлмоқдалар. Хусусан, Бухоро вилоятида узоқ йиллар халқимизга фидокорона хизмат қилган нуроний ҳамда фаол 7 нафар юртдошимиз танлаб олинди. “Президент ҳожилари”ни Ҳаж сафарига муносиб кузатиш ҳамда кутиб олиш билан боғлиқ барча зарур ташкилий тадбирлар юқори даражада амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 15–16 май кунлари муборак Ҳаж сафарига отланган бухоролик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Бухоро халқаро аэропортидан Мадинаи Мунаввара сари кузатилмоқда.
Қалбда шукроналик, тилда дуо ва кўнгилда улуғ орзулар билан йўлга чиққан ҳожилар учун барча ташкилий ишлар олдиндан пухта тайёрланди. Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, сафар ҳужжатлари расмийлаштирилди ҳамда Ҳаж ибодатини тўғри ва мукаммал адо этишга доир зарур тавсиялар берилди.
Энг муҳими, ҳожиларимизнинг кайфияти кўтаринки. Улар муқаддас манзилларда зиёратчиларга яратилган имкониятлар, юксак эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Президентимизга самимий миннатдорлик билдирмоқдалар. Ҳар қадамда давлатимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилмоқдалар, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда давлатимиз равнақи учун дуолар қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ибодатларини қабул айлаб, сафарларини хайрли ва баракали қилсин!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









