Бухоро тумани: “Ёбухона” қишлоғида ҳам томорқадан барака топаётган хонадонлар бор
2026-05-13 22:40:00 / Янгиликлар
Вилоят марказига яқин бу маҳалла айни кунда Деҳожи, Бунёдкор, Тикончи, Янгиобод, Ёбухона, Шехон, Зарафшон қишлоқларини ўзида жамлаган бўлиб, айни кунда унда 1 минг 920 та хонадон, 2 минг 796 та оила ва жами 9,5 мингдан ортиқ аҳоли вакили истиқомат қилмоқда.

Ҳудудда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари, рўёбга чиқарилаётган янги лойиҳалар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари, қолаверса, 6,2 гектар майдонни эгаллаган ҳудуда умумий қиймати 26,2 миллиард сўм маблағ сарфлаб, кичик саноат зонаси ташкил қилингани туфайли “Работиқалмоқ” МФЙ ўтган йилда расман ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилган. Биргина ўтган йили маҳаллада 600 нафарга яқин ишсизнинг бандлиги таъминланган.
“Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини, Ёбухона қишлоғида истиқомат қилувчи Саодат Тоғаева ҳам ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, оиласига қўшимча даромад манбаини яратаётган меҳнатсевар ва ташаббускор фуқаролардан бири.
Унинг оила аъзолари билан биргаликда томорқачилик ва унда иссиқхонани юритиб, хонадонда асаларичилик билан шуғулланишаётгани, шу қаторда оғилхонада чорва моллари боқиб, аввало рўзғор кам-кўстини тўлдираётгани, омилкорлик билан иш олиб борилаётгани таҳсинга лойиқ.
Томорқа ерида эртанги картошка, помидор, қулупнай ва саримсоқпиёз экиб парваришланаётган бўлса, 2 сотихдан иборат иссиқхонада бодринг ва булғор қалампири етиштирилмоқда. Хонадон меҳнаткашлари ҳадемай, 700 килограм картошка, ярим тоннага яқин помидор, яна бир тонна атрофида бодринг ва саримсоқпиёз олиш ҳаракатидалар.
Саодат Тоғаева шунингдек, оғилхонасида 3 бош қорамол, соғин сигир, 4-5 бош қўй-қўзи парваришлаб, рўзғорига барака киритмоқда. Хонадон дастурхонида сархил сабзавот маҳсулотлари билан бирга, албатта сут, қатиқ, сариёғ, тухум бор. Қолаверса, томорқа четида парваришланаётган асалари уяси ҳам 8 тага етказилган. Йилда икки марта асал тортиш мавсумида бу асалари оилалари ҳар биридан 10-12 килограмдан бол олинмоқда. Кўриниб турибдики, шу тарзда бир оиланинг моддий эҳтиёжи, дастурхон тўкинлиги ҳалол пешона тери эвазига таъминланмоқда.
Оила соҳиблари меҳнат жабҳасида тер тўкиб, уч нафар фарзанд тарбиясини ҳам рисоладагидек олиб бормоқдалар. Улар ёшлигидан томорқада ишлаб, қорамоллар парваришида банд бўлиб, рўзғор таъминотига ҳисса қўшмоқдалар. Шу боисдан, Саодат Тоғаеванинг уй хўжалигидаги тажрибаси маҳалладошлари учун ибратдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






