Бухоролик 7 нафар “Президент ҳожилари” Ҳаж сафарига йўл олмоқда
2026-05-13 22:00:00 / Янгиликлар

Мазкур савобли ишларнинг узвий давоми сифатида юртдошларимиздан 100 нафари “Президент ҳожилари” деган улуғ мақомга муносиб топилиб, Ҳаж амалларини бажариш бахтига мушарраф бўлмоқдалар.
Хусусан, Бухоро вилоятида узоқ йиллар давомида халқимизга фидокорона хизмат қилган нуроний ҳамда фаол 7 нафар юртдошимиз танлаб олинди.
Бу фуқароларимиз учун ажратилган “Президент ҳожилари” совғаси ва Ҳаж сафарига йўлланмаларини ўз эгаларига тантанали топшириш жараёни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, Маҳаллалар уюшмаси раҳбари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари томонидан ташкил қилинди.
Жумладан, М.Абдуллаева, Х.Абдуллаев, Г.Раззоқов, З.Шарипова, О.Муродова, М. Фаттоҳов, Д.Шукуроваларга ҳаж йўлланмаси сертификати, махсус сумка ва чемадон жамланмалари, шунингдек, икки нафар юртдошимиз М.Фаттоҳов ҳамда Д.Шукуровага телевизорлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Президент ҳожилари”ни Тошкент шаҳрига етиб боришлари учун 17 май куни “Бухоро-Тошкент” йўналишидаги темир йўл чипталари олиниб, уларга ҳамроҳлик қилиш учун вилоят ҳокимлигидан масъул ходим бириктирилди.
Шу билан бирга, “Президент ҳожилари”ни Ҳаж сафарига муносиб кузатиш ҳамда кутиб олиш билан боғлиқ барча зарур ташкилий тадбирлар юқори даражада амалга оширилиши таъминланади. Бу саъй-ҳаракат юртимизда инсонпарвар сиёсатнинг халқимизга, айниқса, эҳтиёжманд қатламларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









