Бухорода III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
2026-05-13 19:55:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-5098-сонли қарорига мувофиқ шу йилнинг 15–17 май кунлари қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрида III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси, Туризм қўмитаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Анъанавий фестивал мамлакатимизда халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Шу муносабат билан бугун Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот кутубхона марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедовлар йиғилганларга атрофлича маълумот бердилар.
Таъкидланганидек, фестивалнинг асосий мақсади—миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зардўзлик ва заргарлик санъатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, бой тарихга эга мамлакатимиз ва қадим Бухоронинг маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишдан иборатдир.
Азалдан Шарқ цивилизatsiясининг йирик маданий марказларидан бири саналган Бухоро зардўзлик ва заргарлик санъати мактаблари билан дунёга машҳур. 2022 йилда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига “Бутунжаҳон ҳунармандчилик шаҳри” мақомининг берилгани миллий амалий санъатимизга билдирилган юксак халқаро эътироф бўлди.
Нуфузли халқаро фестивал доирасида “Арк” қўрғони, “Пойи Калон” ансамбли, “Лаби ҳовуз” мажмуаси ва “Нодир Девонбеги” мадрасаси каби тарихий обидаларда қатор маданий ва илмий тадбирлар ташкил этилади.
Жумладан: зардўзлик ва заргарлик маҳсулотлари кўргазмалари, миллий ҳунармандчилик намойишлари, халқ сайиллари ва концерт дастурлари, маҳорат дарслари, “Bukhara Fashion Days – 2026” либослар намойиши, халқаро илмий-амалий конференциялар, симпозиум ва ижодий учрашувлар ўтказилади.
Шунингдек, Бахшилло Жумаевнинг “Заррин иплар мусиқаси” номли ижодий кўргазмаси фестивалнинг энг муҳим маданий воқеаларидан бири сифатида намойиш этилади. Шунингдек, фестиваль доирасида 12 та номинatsiя бўйича халқаро кўрик-танлов ташкил қилиниб, иштирокчилар ишлари нуфузли халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
Айни вақтга анжуманда қадар Африка, Европа, Осиё, Шимолий Америка ва Тинч океани минтақаларидаги 38 давлатдан 120 нафардан ортиқ хорижий меҳмон, ҳунармандлар, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш истагини билдирган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 300 нафардан зиёд маҳаллий ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан қатнашиши режалаштирилган.
Бугунги кунда республика “Ҳунарманд” уюшмаси тизимида 26 мингдан ортиқ аъзо ва 119 мингдан зиёд шогирд фаолият юритаётган бўлиб, бу мамлакатимизда халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, яратилган имкониятларнинг яққол самарасидир.
Ташкилотчилар фикрича, мазкур фестиваль миллий маданий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, туризм ва креатив индустрияларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






