Олот: “Соҳил бўйи” дам олиш лойиҳаси кенгайтирилмоқда
2026-05-13 12:45:00 / Янгиликлар

Канал бўйининг қарийб 500 метр қисмида ўнга яқин тадбиркорлик субъекти ҳомийлигида йўлаклар қурилиб, янги инфратузилма ва қулай дам олиш зоналари ташкил этилмоқда. Лойиҳага биноан, ҳудудда 20 тага яқин тадбиркорлик шахобчаси ўз “ташаббускорлари”ни кутмоқда.
Муҳими, туман марказидаги “Humo” истироҳат боғи ҳам янгиланиш, таъмирлаш ишларидан кейин кўркам қиёфа касб этмоқда. Умумий қиймати 3 миллиард 100 миллион сўмга тенг бу лойиҳа асосида боғда замонавий аттракционлар, оилавий ҳордиқ ҳудуди, болалар майдончалари ва хизмат кўрсатиш шахобчалари қурилмоқда. Бу ишларда пудратчи сифатида “Poʻlat suv qurilish” МЧЖ ишчи-мутахассислари жонбозлик кўрсатишмоқда.
Ҳозирда “Аму Қоракўл” дарёси бўйида барпо қилинаётган замонавий соҳил бўйи дам олиш масканини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Ҳудуд экологик салоҳиятини ошириш, аҳоли учун қулай, замонавий ҳордиқ чиқариш масканини яратиш мақсадида ташкил этилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 8 миллиард 510 миллион сўмни ташкил этади. Бу сармоя эвазига ҳудудни тўлиқ ободонлаштириш, замонавий кўнгилочар масканга айлантириш мақсад қилинган.
Мазкур аҳоли дам олиш масканида тунги ёритиш устунлари, ўриндиқлар ва чиқинди урналарини ўрнатиш, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, аудио мусиқа тизимини ташкил этиш, декоратив арка ва устунлар ўрнатиш, шунингдек, пиёдалар йўлаклари, вело-йўлаклар йўл чеккасида ҳаракатланишга халал бермайдиган автотураргоҳ ва замонавий ўриндиқлар ташкил этиш, овқатланиш учун қулай бўлган “Food trak”лар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар ўйингоҳи ўрнатиш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда лойиҳа доирасида канал ўзанини бетонлаштириш, бу орқали сув йўли атрофини мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, дам олувчилар учун замонавий “бесетка”лар ўрнатиб, пиёдалар йўлаклари барпо этиш ва канал атрофини махсус тўсиқлар билан ўраб олиш ишлари бормоқда.
Ҳудуднинг янада кўркам ва жозибадор бўлиши учун декоратив манзарасига эътибор қаратилиб, болалар учун ўйин майдончалари, оилавий дам олиш учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бунда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш мақсадида замонавий кўприк қурилиши ҳам режалаштирилган. Ушбу кўприк нафақат қулай ҳаракатланиш имкониятини яратади, балки масканнинг меъморий кўринишига ҳам ўзига хос чирой бағишлайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




