Шофиркон: “Aslbek Asadbek lak servis” МЧЖ экспортёр корхоналар сафига қўшилмоқда
2026-05-12 17:35:00 / Янгиликлар

Асосан Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган корхонада кунлик ишлаб чиқариш қуввати 6 тоннани ташкил этади. Ўртача ҳисобда ойига 70 тонна қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёни, тайёр маҳсулот сифати, хомашё таъминоти ҳамда корхонанинг иқтисодий кўрсаткичлари йилдан йилга ўсиб бораётгани туман иқтисодиётига муносиб улуш қўшилаётгани далолати, албатта. Айни кунда 8 нафар ишчи бандлиги таъминланган корхона раҳбари Абдулло Қудратов бизнес лойиҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, меҳнат жамоаси моддий манфаатдорлигини ошириш чораларини кўрмоқда.
Ҳозирда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар орасида 15 турдаги лак-бўёқлар, 30 турдаги қуруқ аралашмалар, кафеллар учун клейлар ва травертин каби маҳсулотлар бор. Айниқса, корхона пойтахт Тошкент шаҳридаги савдо ҳамкорлари кўмагида ўз брендига эга "Megamir" ҳамда "Uzbrend" маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни йўлга қўйган.
Муҳими, бугунга келиб "Aslbek Asadbek lak servis" МЧЖда маҳалладаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда мавсумий ишчи сони 20 нафардан ошмоқда.
“Aslbek Asadbek lak servis” МЧЖ томонидан 2026 йилдан бошлаб маҳсулот экспорти йўлга қўйилган бўлиб, қўшни Тожикистон республикасига қурилиш маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Ҳозирга қадар экспорт ҳажми 65 тоннани ташкил этиб, маҳсулот қиймати 70 минг АҚШ долларига етган. Бу ҳам туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Корхона ишчи кучи билан йилига ўртача 1,2 минг тоннага тенг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, қиймати 2,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари яратилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳудудда ёшлар бандлиги ва яна ўнлаб хонадон моддий манфаатдорлигин ошириш имконини беради.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






