Шофиркон: “Koinot yulduz servis” экспортбоп ун ишлаб чиқаришини кенгайтирмоқда
2026-05-11 11:35:00 / Янгиликлар

Фаолият бошлаганига кўп бўлмаган корхонага Жаҳонгир Зоиров раҳбарлик қилмоқда. Тадбиркор томонидан Туркия давлатидан 1,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги замонавий тегирмон ускуналари олиб келиниб, ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилган. Мазкур цехда ишлаб чиқариш қуввати орқали бир кунда 150 тонна бошоқли дон қайта ишланиб, 45 тонна кепак маҳсулоти тайёрланмоқда.
Бир ойда корхона меҳнат жамоаси ўртача 4200 тонна ун ҳамда 1100 тонна кепак маҳсулотини тайёрлаб, буюртмачи харидорларига етказмоқда. Айни кунда тайёр маҳсулот асосан Афғонистон ва Туркманистон республикаларига экспорт қилинмоқда.
Корхонада ҳозирда 25 нафар ишчи-мутахассис доимий меҳнат билан банд қилинган. “Koinot yulduz servis” МЧЖ томонидан йилига ўртача 6650 тонна ун маҳсулоти экспорт қилиниб, бунда ишлаб чиқариш моддий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
“Koinot yulduz servis” МЧЖ лойиҳасини амалга ошириш мақсадида “Аsia Аllians bank” АТБ Бухоро филиали томонидан 1,1 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратилгани айни мақсадга хизмат қилмоқда. Корхона фаолияти доирасида келгусида йилига ўртача 22 минг тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бу ҳажм орқали 72,5 миллиард сўмга тенг маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Шунингдек, жорий йил давомида 10 минг тонна буғдой жамғариш мақсад қилинган.
Мазкур ун ишлаб чиқариш заводи яқин ойларда туман экспорт салоҳиятини оширишда салмоқли ўрин тутиши, ҳудуд иқтисодий имконияти ҳамда аҳоли бандлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






