Ғиждувон: мактабда маънавият ва маърифат маркази очилди
2026-05-11 10:50:00 / Янгиликлар

“Халқ ва армия—якдил” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда фахрийлар, ҳарбий хизматчилар, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни Ғиждувон тумани ҳокими Фарҳод Умаров очиб, ўз нутқида барча иштирокчиларни 9-май—“Хотира ва қадрлаш куни” байрами билан самимий муборакбод этди. Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва Ватан равнақи йўлида хизмат қилган юртдошларимиз порлоқ хотираси халқимиз қалбида абадий яшашини таъкидлади.
Мазкур даргоҳда қисқа муддат ичида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу ташаббуслар, мактаб жамоасининг фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирда таълим масканининг маънавият ва маърифат маркази, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфи, Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди тематик хоналари, Ватанпарварлик синфи ҳамда фаоллар зали тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Мактабга эсдалик сифатида суратли албомлар, дисклар, давлат байроғи ва 100 та китоб топширилди. Шунингдек, Қизбиби Ҳусенованинг ибратли ҳаёти ва фидокорона меҳнат фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Тантанали байрам тадбирида меҳнати фахрийси Қизбиби Ҳусенованинг фарзанди, генерал Меҳринисо Тилавова, устозлари ва шогирдлари ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар.
Ҳарбий оркестр, фахрий қоровул взводининг чиқишлари ҳамда мактаб ўқувчиларининг ватанпарварлик руҳидаги саҳна кўринишлари барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбир иштирокчилари Хотира бурчагига гул қўйиб, эл-юрт тинчлиги ва Ватан равнақи йўлида хизмат қилган ғиждувонликлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Якунда эса нуроний фахрийлар иштирокида дастурхон атрофида самимий суҳбат ташкил қилинди.
Бундай маънавий-маърифий ватанпарварлик тадбирлари ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, аждодлар хотирасига ҳурмат, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









